Жиззах вилоятида бир гуруҳ фирибгарлар ушланди

Жиззах вилоятида фуқароларни онлайн-трейдинг орқали тез даромад ваъда қилган ҳолда Телеграм-каналлар орқали алдаб, улардан катта миқдорда пул ундириш билан шуғулланган ташкил этилган интернет фирибгарлик гуруҳи фош этилди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Фирибгарликдан жабр кўрган бир неча жиззахлик фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Жабрланувчилардан бири фирибгарларга 20,8 миллион сўм, яна бир аёл 4,82 миллион сўм, бошқа бир эркак эса 3,8 миллион сўм пул ўтказган.
Келиб тушган мурожаатлар асосида суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу схема ортида ташкил этилган жиноий гуруҳ тургани аниқланган. Унга Наманган, Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида яшовчи 6 нафар эркак ва 3 нафар аёл — жами 9 киши аъзо бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган. Ҳозирда уларнинг бошқа шунга ўхшаш фирибгарлик ҳолатларига алоқадорлиги ўрганилмоқда.
Қидирув ва тинтув жараёнида гумондорлардан ноутбук, 10 дона банк пластик картаси, 10 дона мобил телефон ва жиноятда фойдаланилган бошқа техник воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.