Венгрия парламенти ХЖСдан чиқишни якунлади

Венгрия парламенти ХЖСдан чиқишни якунлади

Венгрия парламенти мамлакатнинг Халқаро жиноий суд (ХЖС) таркибидан чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўпчилик овоз билан маъқуллади. Мамлакат 1999 йилда ХЖСнинг таъсис ҳужжати бўлган Рим статутини имзолаган ва 2001 йилда уни ратификация қилган.

ХЖС таркибидан чиқиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 134 парламент аъзоси қўллаб-қувватлади, парламентнинг 37 аъзоси эса қарши овоз берди, деб хабар бермоқда Reuters. Шартномани бекор қилиш тўғрисидаги қарор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ёзма хабарнома олгандан кейин бир йил ўтгач кучга киради.

Венгрия ҳукумати қонун лойиҳасини 3 апрель куни парламентга тақдим этди. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто ҳужжатни тақдим этар экан, ХЖС ўта сиёсийлашгани ва турли давлатлар ундан халқаро можароларда ўз мақсадларига эришиш учун фойдаланаётгани ҳақида фикр билдирди, деб ёзади “ТАСС”.

Халқаро маҳкамадан чиқиш ҳақидаги қарор Венгрия расмийлари томонидан халқаро суд Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин қабул қилинган. Венгрия ХЖС «нафақат ўзини, балки бутун халқаро тизимни обрўсизлантирган» деб ҳисоблайди. Ўша ой Нетаньяху ҳибсга олиш ордерини эътиборсиз қолдириб, Венгрияга ташриф буюрди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: