Роналду клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига бориши мумкин

40 ёшли португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду ёзги трансфер ойнасида “Ан-Насср” клубидан кетиши мумкин. Бу ҳақда Marca нашри хабар берди.
Манбага кўра, Марокашнинг “Видад” жамоаси футболчини ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Клуб раҳбарияти мазкур трансферни июнь ойи АҚШда бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига қадар якунлашни режалаштирган.
Марокаш жамоаси 2021/22 йилги мавсум Африка Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлган ва шу сабаб янги форматдаги Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан. Улар “Манчестер Сити”, “Ювентус” ва “Ал-Ain” билан биргаликда Г гуруҳидан жой олган.
Маълумот учун, 2024/25 йилги мавсумда Роналду “Ан-Насср” сафида 39 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 33 та гол ва 4 та голли узатма ёздириб қўйган. Унинг риёдликлар билан шартномаси июнь ойи охирида якунланади.
Аввалроқ ОАВда футболчига турли қитъалардан бешта жамоа, хусусан, “Челси”, “Бешиктош”, “Лос-Анжелес”, “Ал-Аҳли” ва “Спортинг” жамоалари қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.