Британия Чагос архипелагини Маврикийга топширади

Британия Чагос архипелагини Маврикийга топширади

22 май куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Маврикий вакиллари билан Чагос архипелагини топшириш бўйича келишувни имзолади, деб хабар беради BBC.

Британия эса архипелагнинг асосий ороли Диего Гарсиядаги Британия-Америка ҳарбий базаси ҳудудини 99 йилга ижарага олади.

Британиянинг Telegraph газетасига кўра, келишув «виртуал маросим» пайтида имзоланади.

ВВCнинг ёзишича, Чагоснинг трансфери бўйича музокаралар АҚШда президент алмашгани сабабли тўхтаб қолган. Трамп маъмуриятига стратегик аҳамиятга эга ҳаво базаси жойлашган архипелагни топшириш шартларини ўрганиш учун вақт керак эди.

Расмий равишда Британия Ҳинд океани ҳудуди деб аталадиган Чагос архипелаги ўша океаннинг ўртасида жойлашган.

Оролларни Чагосдан икки минг километр узоқликдаги океанда жойлашган Маврикийга топшириш бўйича музокаралар 2019 йилда, Буюк Британия Халқаро Судда архипелагга эгалик қилиш бўйича судда ютқазганидан сўнг бошланган, бироқ Британиянинг янги Лейбористлар ҳукумати уни амалда топшириш режасини фақат ўтган йилнинг октябрь ойида эълон қилган эди.

Дональд Трамп апрель ойида Кир Стармернинг Вашингтонга ташрифи чоғида Чагосни топшириш режасини қўллаб-қувватлаган эди.

Чагос ороллари 200 км га чўзилган ороллар занжири бўлиб, Диего Гарсиядан архипелагнинг кейинги энг яқин оролига қадар — 120 км.

Дўстларингизга ҳам юборинг: