Британия Исроил билан савдо музокараларини тўхтатди

Британия Исроил билан савдо музокараларини тўхтатди

Британия ҳукумати Ғазодаги қон тўкилиш ва Исроилнинг узлуксиз ҳарбий амалиётлари ортидан Тель-Авив билан янги савдо келишуви бўйича музокараларни вақтинча тўхтатганини маълум қилди.

Буюк Британиянинг Халқаро савдо вазирлиги бу қарорни инсоний ёрдам етказишдаги тўсиқлар, Ғазодаги аҳоли ўртасидаги талафотлар ва минтақадаги кенг кўламли инқироз билан изоҳлади. Қайд этилишича, Исроил билан имзоланиши режалаштирилган эркин савдо келишуви юзасидан музокаралар фақат тинчлик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилганда давом эттирилади.

Мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бир неча ойдан бери Лондонни Исроилга ҳарбий ёрдам, қурол-яроғ экспорти ва иқтисодий ҳамкорликни қайта кўриб чиқишга чақириб келаётган эди. Британия расмийлари эса аввалроқ Исроилга ҳарбий техникани экспорт қилиш лицензиялари қайта кўриб чиқилаётганини билдирганди.

Британиядаги фаоллар ва бир қатор парламент аъзолари мазкур қарорни муҳим ва кечиктирилган қадам сифатида баҳолашди. Уларга кўра, Ғазода инсон ҳуқуқлари жиддий бузилаётган бир шароитда Исроил билан яқин иқтисодий ҳамкорлик сиёсий ва ахлоқий жиҳатдан номақбул ҳисобланади.

Исроил ҳукумати ҳозирча бу қарорга расмий муносабат билдиргани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия, Франция ва Канада давлат раҳбарлари биргаликда баёнот бериб, Исроилни Ғазо секторидаги ҳужумларини зудлик билан тўхтатишга ва инсонпарварлик ёрдамларига қўйилган чекловларни олиб ташлашга чақиргани ҳақида хабар берган эдик. Акс ҳолда, уч давлат Исроилга қарши «аниқ чоралар» кўришини билдирганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: