Франция ҳукумати тайёрлатган «Сиёсий ислом» ҳақидаги ҳисобот танқидларга сабаб бўлди

Франция ҳукумати топшириғи билан мамлакат махсус хизматлари томонидан тайёрланган ҳамда “Мусулмон биродарлар ва Франциядаги сиёсий ислом” деб номланган 73 бетлик ҳисобот эълон қилинди. Ҳисобот Франциядаги баъзи ибодатхона ва мактабларни нишон қилиб кўрсатгани, мусулмонларга нисбатан камситишни кучайтириши мумкинлиги боис танқидларга сабаб бўлди.
Франция Ислом Кенгаши (CFCM) ўз баёнотида, ушбу ҳисобот мамлакатдаги мусулмонларга нисбатан “кенг қамровли шубҳалар”ни қўзғатмаслиги лозимлигини уқтирди.
Баёнотда таъкидланишича, “Мусулмон биродарлар”, “сиёсий ислом”, “экстремистик ислом” каби атамалар ҳисоботда аниқ таърифлардан холи бўлиб, унда тилга олинган ибодатхоналар ва мусулмон мактаблари сиёсий воситага айлантирилиши эҳтимоли бор.
Кенгаш ҳисобот мусулмон ташкилотларни нишон қилиши ва мусулмонларга нисбатан камситишни авж олдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Франция Мусулмон Федерацияси (MF) эса ҳисоботни “ҳайрат ва хавотир билан” қарши олганини билдирди.
Баёнотда Федерация ўзини “Мусулмон биродарлар ҳаракати ёки унинг вакили” сифатида кўрсатишга уринишларга кескин қарши эканини билдириб, бу иддаолар жамоатчиликдаги обрў, нуфуз ва легитимликка жиддий зарар етказиши мумкинлиги қайд этилди.
Федерация ҳисоботни тайёрлаган комиссия билан ҳамкорлик қилганини, талаб этилган барча маълумотлар масъулият, очиқлик ва яхши ният асосида тақдим этилганини эслатди. Шунингдек, Федерация Францияда 40 йилдан буён республика ва секулярлик тамойиллари доирасида фаолият юритиб келаётгани қайд этилди.
Ҳисоботда Франциядаги 139 та ибодатхона ва давлат кўмаги тўхтатилган қатор хусусий мактаблар “Мусулмон биродарлар ҳаракати билан боғлиқ” экани айтилган.
Мамлакат бўйлаб таҳлил қилинган 21 мактабнинг 18 таси тўғридан-тўғри, 3 таси эса билвосита ушбу ҳаракатга алоқадор деб баҳоланган. Ҳисобот муаллифлари Франциядаги “Мусулмон биродарлар” бошқа Европа тузилмаларига нисбатан таълим соҳасига устувор аҳамият бериш билан фарқ қилишини таъкидлашган.
Ҳисоботда Франциядаги Қуръон курслари атрофида шаклланган “экотизимлар” орқали мусулмонларнинг ижтимоий ҳаёти ва фаолиятлари Мусулмон биродарлар ҳаракатига боғлаб кўрсатилаётгани айтилади.