Ким Кардашьян 44 ёшида ҳуқуқшунос дипломига эга бўлди

Ким Кардашьян отаси Роб Кардашьян билан боғлиқ бўлган асосий орзусини амалга оширди. У ҳуқуқшунослик дипломини олди.
44 ёшли реалити-шоу юлдузи ўзининг блогида ўқиш дастурини тугатганини эълон қилди. Кардашьян пандемия ва бошқа лойиҳалар туфайли тўрт йил ўрнига олти йил ўқиди.
Ким ўз уйининг орқа ҳовлисида битирув кечасини уюштирди, унга энг яқинлари ва дўстларини таклиф қилди. “Мен ниҳоят олти йилдан сўнг ҳуқуқшунослик факультетини тугатдим!”, деди юлдуз.
Кардашьяннинг ўқишида иштирок этган ҳуқуқшунос Жессика Жексон Ким ўқиш давомида ўз вазифаларидан қочмаганини ва машҳур киши сифатида ҳеч қандай имтиёз сўрамаганини айтди. У ўқув дастурини виждонан ўзлаштирди. “Кетма-кет олти йил давомида ҳафтасига 8 соат, йилига 48 ҳафта, бу жами 5184 соатлик юридик таълимдир. Бу вақт ичида у тўрт фарзандни тарбиялади, бизнесни бошқарди, телекўрсатувларда суратга тушди ҳамда йиғилишларда иштирок этишга ҳам улгурди”, деди Жексон.
Кардашьян таълим тизимининг катта қисми амалиётга асосланган эди. Юлдуз коллежни тугатмагани сабабли бу ҳуқуқшунослик дипломини олишнинг ягона имконияти эди. У ҳамкасблари сингари ҳуқуқшуносликни анъанавий равишда ўрганаётганлар каби имтиҳонларни топширди. Ҳаттоки имтиҳонлардан бирини уч марталаб топширишига ҳам тўғри келди.
Дарвоқе, юлдуз нафақат ҳаётда, балки экранда ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айланди. У бош ролни ўйнаган “Ҳаммаси рост” сериалида ўз тажрибасидан фойдаланади. Аввалроқ лойиҳанинг биринчи тизери тармоқда пайдо бўлган эди.