Туркияда хитойлик жосуслар қўлга олинди

Туркия Миллий разведка ташкилоти (МİТ) Хитой разведкаси билан алоқадорликда айбланаётган 7 кишилик жосуслик тармоғини фош қилди. Тезкор операция натижасида уларнинг давлат хизматчиларига тегишли телефон қўнғироқлари, SMS хабарларини кузатгани ҳамда уйғур жамоаси вакилларининг жойлашувини аниқлаш мақсадида сохта сигнал узатувчи станциялардан фойдалангани аниқланган.
Маълум қилинишича, гумонланувчилар Истанбул, Измир, Маниса, Баликесир ва Бурса каби йирик шаҳарларда ўтказилган операциялар пайтида қўлга олинган.
Бундан ташқари, Истанбулдаги Хитой техник жиҳозларини етказиб берувчи бир компания эгаси ҳам ҳибсга олинган. Айни дамда улар суд қарорига биноан ҳибсда сақланаётгани айтилмоқда.