Изник: насронийликнинг тирик музейи

Изник: насронийликнинг тирик музейи

Рим Папаси Лев XIV нинг Никеа Биринчи Кенгашининг 1700 йиллиги муносабати билан Туркиянинг Изник шаҳрига ташрифи учун тайёргарлик кўраётганини маълум қилиши шаҳарни бутун дунё диққат марказига айлантирди. Бурсанинг кичик бир шаҳарчаси бўлган Изник сокин муҳити ва бой мероси билан тарих ва табиатсеварларни ўзига тортади. Cittaslow сифатида эътироф этилган ва ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган бу сокин шаҳар, шунингдек, Туркиядаги христиан динининг муҳим манзилларидан биридир.

Насронийликнинг тирик музейи

Изник қадим замонларда Никеа номи билан маълум бўлиб, шаҳар 325 ва 787 йилларда Биринчи ва Еттинчи Экуменик Кенгашларга мезбонлик қилган. Биринчи кенгашда илк насроний илоҳиётининг асосий матнларидан бири бўлган Nicene Creed (қадимий христиан баёноти) қабул қилинган. Бу мерос бир вақтлар Изникни Қуддус ва Ватикан каби муқаддас шаҳарга айлантирган.

Изник Битинияликлар ва Римликлардан Византия, Салжуқийлар ва Усмонийларга қадар кўплаб цивилизацияларнинг юксалиши ва қулашига гувоҳ бўлган. Ҳар бир жамият ўз изини қолдириб, бугунги шаҳарнинг ўзига хос қиёфасини шаклланишига ҳисса қўшган. Изникда илк насронийлик изларини Сенат саройининг қисман сув остида қолган харобаларида кўриш мумкин. Қазишмалар натижасида бу иншоот Авлиё Неофитосга бағишланган базилика услубидаги черков эканлиги аниқланди. Тахминларга кўра, бу черковда биринчи Никеа кенгаши бўлиб ўтган ва 740 йилда содир бўлган зилзила натижасида Изник кўли остида қолган бўлиши мумкин. Базилика яқинда янги музейга эга бўлади. Изник кўли Базилика музейи ташриф буюрувчиларга базилика ва унинг атрофидан топилган артефактлар билан тарихни яқиндан ўрганиш имкониятини беради.

Яна бир муҳим диққатга сазовор мерос ҳайратланарли Изник деворлари бўлиб, уларнинг келиб чиқиши милоддан аввалги 4 асрга тўғри келади. Беш километрга чўзилган ва тўртта асосий дарвозага (Истанбул, Енишеҳир, Лефке ва Кўл) эга бўлган деворлар бугунги кунда шаҳарнинг ўзига хос рамзи ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди. Бу деворлар Изникга Истанбул ҳиссини беради. Ая София масжидини кўрганингизда бу туйғу янада чуқурлашади. Дастлаб 7 асрда Рим гимназияси тепасида базилика сифатида қурилган Ая София 1331 йилда Изник босиб олингандан сўнг Усмонийлар империясининг иккинчи ҳукмдори Ўрхон Ғози томонидан масжидга айлантирилган. Кейинчалик бу иншоот Султон Сулаймон I даврида машҳур Усмонли меъмори Синан томонидан таъмирланган. Черковда 7 Экуменик Кенгаш бўлиб ўтди, у диний фрескаларни тақиқлашни бекор қилди. Зиёратчилар бугун ҳам масжиднинг жанубий деворидаги уяда Биби Марям, Исо Масиҳ ва Яҳё чўқинтирувчининг насроний фрескаларини кўришлари мумкин.

Изникдаги бошқа насроний харобалари қолдиқларидан Агиос, Трифонос, Коимесис ва Аятрифон черкови, Гипогенинг ер ости қабри ва христианлик тарқалгандан кейин диний мақсадларда фойдаланилган Рим театри бор. Бундан ташқари, 14 асрда Усмонли ошхонаси сифатида хизмат кўрсатган бино ҳозирда Изник музейига айлантирилган ва у ерда Рим, Византия ва Усмонли даврларига оид археологик асарлар намойиш этилади. Шаҳар тарихи ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганлар Усмонийлар давридан қолган ўзига хос кошинли минораси билан машҳур Яшил масжидни ҳам зиёрат қилишлари мумкин. Изник, шунингдек, керамика устахоналари билан ҳам машҳурдир. Кўл бўйлаб сайр қилиш билан бирга маҳаллий балиқлардан ва шаҳар марказидаги кичик ресторанлардан бирида оғизда эрийдиган “Изник кўфтеси”дан татиб кўришни унутманг.

Истанбулдаги христиан мероси

Бурсадаги гўзал Изник шаҳри Истанбулдан атиги 2,5 соатлик йўл. Ая София рамзий биноси ва Ая София Тажриба Музейи Шарқий Рим мўъжизасининг меъморий ва маънавий улуғворлигини очиб беради. Истанбулдаги христиан излари мавжуд манзилларга Ая Ирина, нафис христиан фрескалари ва мозаикалари билан безатилган Карие масжиди, Зейрек масжиди ва Кичик Ая София масжиди киради. Минглаб йиллик цивилизация изларини ўзида мужассам этган Истанбулнинг бой текстурасини ва яқин атрофдаги мафтункор Изник шаҳрини ушбу насроний мероси орқали ўрганиш, айниқса Никеа Биринчи Кенгашининг 1700 йиллигида унутилмас тажриба бўлади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: