Россия ҳарбий самолётларга ўрнатиладиган, тактик ядровий қувватга эга янги бошқариладиган авиация ракетасини жорий қилмоқда

Бу ҳақда Тhe War Zone АҚШ Мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси ҳисоботига таяниб хабар бермоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, Россия ядровий салоҳиятини кенгайтирмоқда мамлакат армиясига янги қуроллар, жумладан, ядровий “ҳаво-ҳаво” туридаги ракеталар ва бошқа янги ядровий тизимлар киритилмоқда.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳозирда тахминан 1550 та шай ҳолатдаги стратегик ядровий каллак ва 2000 тагача ностратегик ядровий каллак сақламоқда. Бундан ташқари, мамлакат Беларусдаги ядровий кучларини ҳам кенгайтирмоқда. Беларусда янги ядровий қурол омборлари қурилмоқда ва мавжудлари реконструкция қилинмоқда, шунингдек, беларуслик ҳарбийлар тактик ядровий қуроллар билан ишлашга ўргатилмоқда.
«Бироқ Россиянинг Украина урушида ядровий қуролдан фойдаланиши эҳтимолдан йироқ. Фақатгина Кремл “режим учун жиддий реал таҳдид бор” деб ҳисоблаганда ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин», дейилади ҳужжатда.
Тhe War Zone нашрига кўра, АҚШ разведкаси ҳисоботида, эҳтимол, П-37М узоқ масофали ракетасининг махсус ядровий версияси назарда тутилган. Ушбу ракета МиГ-31 самолётлари учун ишлаб чиқилган бўлиб, кўп мақсадли қирувчи самолётлар — Су-30СМ, Су-35С ва Су-57 учун мослаштирилган.