Таиланд суди собиқ бош вазирга 305 млн доллар тўлаш мажбуриятини юклади

Таиланднинг Олий маъмурий суди ихтиёрий равишда чет элда яшаётган собиқ бош вазир Йинглак Чинаватни фермерларни субсидиялаш бўйича муваффақиятсиз дастури туфайли давлатга етказилган катта зарар учун 10 миллиард батдан ортиқ (тахминан 305 миллион доллар) тўлаш мажбуриятини юклади. У 2017 йилда хизмат вазифасига совуққонлик билан қарагани учун 5 йилга қамалган эди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, 22 май куни Таиланд суди собиқ бош вазир Йинглак Чинават иши бўйича қарор қабул қилиб, унга ҳокимият тепасида бўлган даврида фермерларни қўллаб-қувватлаш дастури муваффақиятсизликка учрагани учун давлатга 10 миллиард бат (тахминан 305 миллион доллар) зарарни қоплаш мажбуриятини юклади.
Ушбу ҳукм 2017 йилда Йинглак хизмат вазифасига совуққонлик билан ёндашганликда айбдор деб топилиб, сиртдан беш йилга озодликдан маҳрум этилганидан бери давом этаётган суд жараёнининг давоми бўлди. Сиёсатчи қамоқдан қочиш учун ҳамон чет элда яшаб келмоқда.
Суд Йинглак “давлатга зарар етказган ҳолда ўз вазифаларини қўпол эътиборсизлик билан бажарганини ва шу сабабли товон пули тўлаши кераклигини” таъкидлаган. Шу билан бирга, суд 35 миллиард бат тўлаш тўғрисидаги аввалги қарор ноқонуний бўлгани ва жавобгарликнинг рухсат этилган чегарасидан ошиб кетганини тан олди.
Суд қарори “Пҳеу Тҳаи” партиясининг икки йилдан камроқ вақт олдин ҳокимиятга сиёсий қайтиши ҳамда Йинглакнинг акаси Таксиннинг 15 йиллик сургундан сўнг Таиландга қайтиб келиши фонида қабул қилинди. Шинаватлар оиласи армия ва консерватив кучлар томонидан сиёсий таъқиб қилинаётганини таъкидлашда давом этмоқда.
Ҳукмни шарҳлаган Йинглак “10 миллиард бат тўлаш тўғрисидаги буйруқ ҳаддан ташқари”, деб айтган.
Шинават сиёсий сулоласи вакили ва Таиланднинг собиқ бош вазири Таксин Чинаватнинг синглиси Йинглак 2011 йилда ҳокимият тепасига келган ва 2014 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сал олдин лавозимини тарк этган. Ҳозирда у амалдаги бош вазир Паэтонгтан Чинаватнинг холаси ҳисобланади.
Таъкидланишича, “Пҳеу Тҳаи” партияси томонидан фаол илгари сурилган гуруч дастури фермерлардан гуручни бозор нархидан 50% юқори нархларда сотиб олишни назарда тутган. Натижада омборларда миллионлаб тонна сотилмаган дон тўпланиб қолган, давлат эса миллиардлаб зарар кўрган.