СИФАТСИЗ БЎЁҚЛАР ИШЛАТИЛИШИНИНГ САБАБИ КАМБАҒАЛЛИКМИ ЁКИ ОЧКЎЗЛИК?

Йўлларда ётиқ чизиқларни чизишда қўлланаётган бўёқлар нега қисқа муддат хизмат қилмоқда, чизиқлар бир неча кун ўтиб ўчиб қолмоқда? Ҳар сафар юқори мартабали меҳмонлар келиши арафасида йўлларда чизиқлар чизилади. Бунга қанча маблағ, меҳнат ва вақт кетади. Бундан кўра хориждан бир неча йил хизмат қиладиган бўёқ сотиб олиш яхши эмасми?
Ушбу саволимни билағонлар эшитиб, устимдан кулди ва улардан бири шундай деди: “Соддасиз-да, наҳотки шуни ҳам англашга ақлингиз етмаган бўлса? Сифатсиз “краска” айримлар учун кони фойда-ку! Ҳар гал чизиқлар чизганда, “откат” келади. Юқори сифатли бўёқ ишлатилса, улар нимани ейди”.
Ўзи қанақа бўёқлар бўларкан деб, интернетни ковладим. Кўзим тушган биринчи маълумот мени ҳайратга солди: “Анъанавий бўёқ белгиларининг ишлаш муддати қисқароқ ва одатда улар таъсир қиладиган транспорт миқдори ва об-ҳаво шароитларига қараб ҳар 1-2 йилда бир марта қайта қўлланилиши керак”.
Термопластик бўёқ билан чизилган чизиқлар оптимал шароитда 3 йилдан 5 йилгача ёки ундан ҳам кўпроқ хизмат қилиши мумкин.
Нега биз бундай бўёқлардан фойдаланмаймиз? Улар қиммат ва бизда бундай бўёқни сотиб олишга маблағ йўқми? Ёки кимларгадир мавжуд аҳвол маъқулми? Лойқа сувда балиқ овлаш осон, деганларидек…
Холриждан келтириш қиммат экан деб ўзимизда сифатлироқ бўёқ ишлаб чиқаришга уринилаётган экан. Ўтган йили сентябрь ойида Термиз давлат университети олимлари томонидан йўлларда ётиқ чизиқларни чизишда қўллаш учун янги бўёқ тури яратилганлиги тўғрисида хабар берилган эди. Уқтирилишича, янги бўёқ ёрдамида чизилган белгилар олти ойгача сақланиб қоларкан.
Бундан икки йил аввал Австриянинг Swarco AG компанияси билан қўшма корхона ташкил этилганлиги ва корхона йилида 9 минг тонна сифатли бўёқ ишлаб чиқариши ҳақида хабар тарқалган эди.
Шулар нима бўлди? Натижаси қани?
Суратларда Афросиёб кўчасидаги кечаги ва бугунги аҳвол кўрсатилган.
Тошпўлат Раҳматуллаев