Ўзбекистонда «MINEX Central Asia 2025» халқаро форуми ўтказилади

Ўзбекистонда «MINEX Central Asia 2025» халқаро форуми ўтказилади

Жорий йилнинг 24–26 июнь кунлари Марказий Осиёдаги энг етакчи соҳа тадбирларидан бири “MINEX Central Asia 2025” халқаро форуми ўтказилади. Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ЎзТМК) мезбонлигида ташкил этилаётган ушбу тадбир критик минераллар бўйича глобал масалаларга қаратилган.

Бугунги кунда дунёда технологик металларга бўлган талаб кескин ошиб бормоқда. Бу талаб эса Ўзбекистоннинг стратегик заҳираларини дунё диққат марказига чиқармоқда. “MINEX Central Asia 2025” форуми айнан шу мураккаб ва масъулиятли даврда минтақанинг етук салоҳиятини намоён этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва барқарор ечимлар ишлаб чиқиш учун муҳим майдонга айланади.
Форумда Марказий Осиё, Европа, Буюк Британия, АҚШ, Озарбайжон, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Австралия ва Канада каби давлатлардан нуфузли компания вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

«MINEX Central Asia 2025» доирасида қуйидаги масалалар кўриб чиқилади:

– Нодир металлар бўйича ишлаб чиқаришдан то қайта ишлашгача бўлган барқарор таъминот занжирларини яратиш;
– Минтақавий стратегик шериклик ва сармоявий ишонч муҳитини шакллантириш;
– ESG стандартлари ва барқарор кончилик амалиёти;
– Қайта ишлаш, рақамлаштириш ва инновациялар;
– Илмий ҳамкорлик ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш;
– Глобал таъминот занжирларига интеграция ва ташқи инвесторлар иштирокидаги юқори технологик лойиҳаларни тарғиб қилиш.

“MINEX Central Asia 2025” нафақат халқаро миқёсдаги профессионаллар, балки Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт моделини халқаро майдонга олиб чиқишга интилувчи барча мутахассислар учун муҳим платформага айланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: