Россияда Путинни Гитлерга ўхшатиб мем қилганлар жазоланади

Омск шаҳрининг Киров туман суди Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни Адолф Гитлерга ўхшатувчи суратлар, шунингдек, унинг тасвири туширилган бошқа мемлар жойлаштирилган сайтлардаги 12 та саҳифани Россияда тақиқланган деб эълон қилди. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри хабар бермоқда.
“Баъзи ҳолларда Путиннинг мўйлови ва соч турмаги Гитлерникига ўхшаш қилиб таҳрирланган суратлар тақиқ остига тушган. Хусусан, ўша саҳифаларда эълон қилинган Павел Деревянко иштирокидаги “Гитлер капут!” фильмидан олинган тасвирлар ҳам тақиқланди”, дейилади нашр хабарида.
Шунингдек, “Путлер капут” ёзувлари туширилган суратлар ҳам тақиқланган. Уларнинг аксарияти норозилик намойишлари плакатларида акс этган. Шунингдек, Илья Варламовнинг блогидаги “Путлер, қўрғошин билан меҳмон қилишларидан олдин заҳар ич” деган ёзувли плакат ушлаб турган аёл тасвири ҳам тақиққа тушган.
Бундан ташқари, суд Stixi.ru сайтида Путиннинг бошига тўппонча тиралган сурати ва “Россияни шармандаликдан қандай қутқариш мумкин” деган ёзув жойлаштирилган саҳифа, шунингдек, “Жонли журнал”даги “Тимсоҳ” ҳажвий журнали муқовасига ўхшатиб ишланган, Путиннинг сурати туширилган ва “Судда ишни мазмунан кўриб чиқиш бошланди. Махлуқ ўзининг айбсиз эканини айтди” деган ёзувли тасвир ҳам тақиқланган.
Суд Fishki.net порталининг Москвадаги норозилик намойишларидан олинган фотосуратлар тўплами саҳифасини ҳам тақиқлаган. Прокуратура даъвосига кўра, бунга “Путиннинг Украинага қарши тажовузи Россия ва Европага қарши йўналтирилган” деган ёзувли плакатни кўтариб турган эркак тасвирланган сурат сабаб сифатида кўрсатилган.
Тасвирларни тақиқлашни Омск прокуратураси ходимлари талаб қилган. Уларнинг фикрича, бу тасвирлар “жамият ва давлат манфаатларига салбий таъсир кўрсатади” ва “террорчилик фаолиятини амалга оширишга ундайди”.