Навбат, Иқбол Мирзогами?!

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқда Иқбол Мирзо ҳақида тарқалган асоссиз ва ёлғон маълумотлар менинг ҳам қалбимни оғритди. Бу маълумотлар жамоатчиликни чалғитишга қаратилгандир. Аллоҳ азиз қилган жойларда туриб, ёлғон маълумотларни тарқатадиганларга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилишини сўрадим.
Бундай кўр-кўрона мулоҳазаларга жавоб бериш – нафақат маънавий бурчимиз, балки инсонлигимизнинг ҳам талабидир.
Иқбол аканинг қалбида ниҳоятда катта ватанпарварлик, камтарлик ва ўзбек халқига меҳр бор. Ўз вақтида, асарлари билан бутун дунёни забт этган буюк адиб Чингиз Айтматов Иқбол Мирзо тимсолида замонавий ўзбек шеъриятининг иқболини кўраётганини таъкидлаб, унинг ижодига юксак баҳо берган эди.
Иқбол ака ҳар доим ёшларни қўллаган, уларга ишонч бағишлаган инсон. Кўп йиллар «Ассалом, Ўзбекистон!»студиясида бош муҳаррир бўлганларида ҳам ёшларни қўллаб-қувватларди, журналистикада таълим олган ёшларнинг кўпи шу студияда иш бошлаган. Бугун улар таниқли журналист, ўз касбининг устаси. Ёзувчилар уюшмасида ишлаганларида ҳам қанчадан-қанча ёш ижодкорларнинг ўз йўлини топишида кўмак берган.
Иқбол Мирзони миллат тақдирига бефарқ бўлмаган, доимо илм-маърифатни биринчи ўринга қўядиган устоз, деб биламан.
Шахсан мен ҳам Тошкентда ўз йўлимни топишимда Иқбол аканинг маслаҳатларидан, қўллаб-қувватловларидан куч олганман. Ёлғон, туҳмат, уйдирма ва сохта маълумотлар вақтинча. Айтишадику, ёлғоннинг умри қисқа, деб.
Эркин Дорипов