Кенг кўламли норозиликлар фонида АҚШда яна бир штатга миллий гвардия киритилди

АҚШда миллий гвардия қўшинлари энди Техас штатига ҳам киритилди. Бу қарор Лос-Анжелесда бошланган ва бутун мамлакатга ёйилаётган норозилик намойишлари туфайли қабул қилинди.
Штат губернатори Грег Эбботнинг таъкидлашича, бу чоралар тинчлик ва тартибни таъминлаш мақсадида кўрилмоқда.
Маҳаллий манбаларга кўра, АҚШнинг бир қатор шаҳарларида, хусусан, Остин, Даллас, Луисвилл, Атланта ва Ню Йоркда юз берган норозилик акциялари асносида бир нечта намойишчи қўлга олинган. Ню Йорк полицияси, хусусан, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) биноси олдида ўтказилган митингда кўплаб фаолларни ҳибсга олганини маълум қилди.
Калифорнияда эса норозиликлар тобора кучайиб, полиция кўз ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталар ишлатди. Бу вазиятда АҚШ президенти Доналд Трамп Пентагонга Лос Анжелесга 2 минг нафар миллий гвардиячиларни юбориш буйруғини берди. 8 июн куни шаҳар кўчаларида қуролланган ҳарбийлар пайдо бўлди. Аммо бу қарор маҳаллий ҳокимият, жумладан, Калифорния губернатори Гэвин Нюсом қаршилигига учради.
Нюсом бу қарорни шовқин кўтариш деб баҳолаб, федерал ҳукуматга қарши судга мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, миллий гвардияни юбориш қарори Калифорния ҳукумати билан келишилмаган ва бу муаммони ҳал қилиш ўрнига, уни кескинлаштирган.
Бу орқали федерал ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги зиддият янада яққоллашди. Доналд Трамп эса ўз навбатида Нюсомни етарли даражада қатъиятсизлик ва норозиликлар кўламини тўғри баҳолай олмасликда айблади.
11 июнга ўтар кечаси Лос Анжелес мэри Карен Басс шаҳар марказида комендантлик соати жорий қилди. Бу чора 23та дўкон — жумладан, Adidas, Apple, дорихона ва заргарлик дўконларига қилинган ҳужумлар ортидан қабул қилинди. Мэри Басс аҳолини шаҳар марказидан узоқлашишга чақирди ва комендантлик соатига риоя қилмаганлар жавобгарликка тортилишини билдириб ўтди.