НАТО саммити кун тартибидан Украинани аъзоликка чақириш ва ёрдам масаласи чиқариб ташланди

НАТО саммити кун тартибидан Украинани аъзоликка чақириш ва ёрдам масаласи чиқариб ташланди

24–25 июн кунлари Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида ўтадиган НАТО саммити учун тайёрланган лойиҳа коммюникесида Украина ҳақидаги энг муҳими — аъзолик ва катта миқдордаги ёрдам масалалари умуман тилга олинмаган.

Bloomberg хабарига кўра, коммюнике лойиҳаси оддий бир саҳифадан иборат бўлиб, асосий эътибор фақатгина ҳарбий харажатлар миқдорини оширишга қаратилган. Унга кўра, НАТО аъзолари мудофаа харажатларини ҳозирги 2 фоиз ўрнига 2032 йилгача ЯИМнинг 3,5 фоизи даражасигача етказишга, қўшимча 1,5 фоиз маблағлар инфратузилма, чегаралар ва фуқароларни инқирозларга тайёрлаш каби хавфсизлик тадбирларига сарфлашга келишиб олмоқда.

Лойиҳада Украинага йиллик 40 млрд долларлик ёрдам ажратиш ва унинг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳатто узоқ муддатли ваъдалар ҳам берилмаган. Бу эса 2024 йилги кенг қамровли ваъданинг мутлақ рад этилиши демакдир. Шунда ҳам, йирик ёрдам пакети аниқ қарор билан тасдиқланмаган эди. Энди эса, НАТО ушбу масалаларни умуман қўзғатмасликка қарор қилган.

Россия эса коммюникеда «Евроатлантика хавфсизлигига таҳдид» сифатида аталган бўлса-да, уни «агрессор давлат» деб номлаш масаласи АҚШнинг қаршилиги туфайли чиқариб ташланган. Доналд Трамп маъмурияти бунга ўхшаш баёнотларни БМТ ҳужжатларидан ҳам олиб ташлаганди.

Саммитнинг ўзи ҳам қисқа шаклда ўтади. Марк Рюттенинг асосий мақсади — АҚШнинг НАТОга садоқатини таъминлаш ва Трампга 5 фоиз даражадаги ҳарбий харажат талабларида «ютуқ» ҳиссини беришдир. Шундан келиб чиқиб, саммитда фақат бир сессия ва расмий кечки овқат режалаштирилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: