92 ёшли хитойлик аёл интернет юлдузига айланди

Хитойлик 92 ёшли Ли исмли аёл ижтимоий тармоқларда чинакам сенсацияга айланди. У ёшига қарамай, ҳар куни профессионал спортчиларга муносиб машқларни бажаради: кунига 200 та чўзилиш ва 100 та сурилиш (отжимание) машқлари билан шуғулланади.
Яқинда анъанавий хитой тиббиёти фестивалида нутқ сўзлаган Ли хоним узоқ умр, интизом ва саломатлик сирларини оммага ошкор қилди. Бироқ унинг жисмоний ҳолати, мослашувчанлиги ва кундалик машғулотлари ижтимоий тармоқларда айниқса катта эътибор уйғотди.
“Машқларни мукаммал техникада бажаряпманми ёки йўқми — менга аҳамиятсиз. Муҳими, ҳар куни машқ қиламан”, — дейди у.
Ли хоним белига ҳалқа айлантиради, чўзилиш машқларини бемалол бажаради ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришда ёши унга мутлақо ҳалақит қилмайди. Қизиғи шундаки, у машқларни спорт залида эмас, уйида бажаришни афзал кўради, ҳатто ёмғирли об-ҳаво ҳам унинг режаларини бузмайди.
Бундан ташқари, Ли ҳар оқшом оёқларини иссиқ сувга солишни канда қилмайди. Бу қадимий хитой анъаналарига асосланган муолажа қон айланиши ва умумий саломатликни қўллаб-қувватлайди.
Ли хонимнинг яна бир эътиборни тортган баёноти шундаки, у жисмоний машғулотлар туфайли сочлари яна қорая бошлаганини айтган. Бу ҳолат интернет фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
92 ёшли аёлнинг ҳаёти кўплаб инсонлар учун илҳом манбаига айланди. У ўз намунаси орқали фаол ҳаёт тарзи ва соғлом одатлар ҳар қандай ёшда фойдали эканини исботламоқда.