Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +42 даражагача кўтарилади

Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди ёз учун жуда қулай ҳарорат фонида нам ҳаво массалари таъсири остида бўлди.
«Ўзгидромет» агентлигининг хабар беришича, 13 июндан бошлаб республика ҳудудига жанубдан қуруқ ва бироз иссиқ ҳаво кириб келиши бошланади, асосан кам булутли об-ҳаво кузатилади ва ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади. Бугун кундузи ҳарорат 33-35 даража бўлади, дам олиш кунлари 36-38 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда эса 40-42 даражагача кўтарилади.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Айрим тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкентда: асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат бугун кундузи 35 даража атрофида, дам олиш кунлари 36-38 даража бўлади.