Жиззахнинг Зомин туманига чигирткалар ёпирилди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятининг Зомин туманига чигирткалар галаси ёпирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, 2025 йилда чигиртка нисбатан кўп. Ўтган йили 580 минг гектардан ортиқ майдонда кимёвий ишлов ўтказилиши белгиланган бўлса, жорий йилда бу кўрсатгич — 608 минг гектар бўлади деб тахмин қилинмоқда.
Айни вақтда баъзи ҳудудларда чигиртка имаго ёшига етган. Яъни қанот чиқариб, учадиган ва табиий нобуд бўладиган давр. Бу даврда ҳашаротлар тунда ёруғ жойда тўпланадилар. Ва бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида ваҳима кўтарилишига сабаб бўлмоқда.
Оёғига чигирткалар тармашиб олган киши эса — Чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматининг механизатори Хайдар Мусаев. 11 июнда Жиззах вилоятининг Зомин туманида ўтказилган ишловдан олдинги ҳолат. Айни вақтда чигирткалар бартараф этилган, ҳудуд тоза, — дейилади хабарда.
Тасвирдагидек ҳолатлар бор. Бироқ кўп эмас ва бу ҳолатлар кўпайиб кетмаслиги чоралари кўрилмоқда. Бу чигирткага қарши кураш тадбирларининг якуний босқичи. Мутахассислар ҳақиқатдан ҳам 24/7 режимида иш олиб бормоқда. Сабаби ҳозир муҳим давр, — дея қўшимча қилинади хабарда.