Янги Тошкентда «Петербург маҳалласи» барпо этилади

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Санкт-Петербург вице-губернатори Николай Линченко раҳбарлигидаги делегация ўртасидаги учрашувда шаҳарсозлик ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Суҳбат давомида Янги Тошкентда «Петербург маҳалласи» қуриш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳалла лойиҳаси Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик рамзи сифатида амалга оширилади. У Тошкентнинг шарқий қисмидаги Янги Тошкент шаҳар ҳудудида барпо этилади. Унда Санкт-Петербургнинг ноёб меъморчилиги ва диққатга сазовор жойларининг элементларидан фойдаланиш режалаштирилган.
Қурилиш ишлари 2026 йилда бошланиши кутилмоқда. Маҳаллада турар-жой бинолари, жамоат масканлари ва замонавий кўча-ёл инфратузилмаси яратилади. Лойиҳани амалга оширишда Санкт-Петербург мутахассислари иштирок этади. Шунингдек, кўча ва транспорт инфратузилмасини хусусий инвестор барпо этади.
Мазкур ташаббус илк бор 2023 йилдаги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида илгари сурилган бўлиб, ўшандан бери икки томон ишчи гуруҳ доирасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент қурилиш дирекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 1 миллион аҳолига мўлжалланган шаҳар барпо этилади. Давлат идоралари, университетлар, меҳмонхоналар ва замонавий бизнес марказлари жойлашиши режалаштирилган.