Теҳрон Вашингтон билан ядро дастури бўйича музокараларни давом эттиришни “маъносиз” деб атади

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бағоий давлат телеканалига берган интервюсида, Теҳрон якшанба куни Уммонда Вашингтон билан бўлиб ўтиши режалаштирилган ядро дастурига оид музокараларда иштирок этиш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмаганини айтди. Шу билан бирга, Теҳрон Исроил Эронга Вашингтоннинг розилиги билан ҳужум қилган деб ҳисобламоқда.
Бундан бир кун аввал Эрон ТИВ Исроилнинг ҳужумлари оқибатида бир неча йирик ҳарбий амалдорлар ва ядро физиклари ҳалок бўлганини билдириб, бундай шароитда музокараларни давом эттириш “мазмунга эга эмаслигини” таъкидлаган эди.
Шу билан бирга, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас билан суҳбатда, Исроил ўзининг “ваҳшиёна ҳаракатларини” давом эттираётган бир пайтда АҚШ билан музокаралар ўтказиш “бефойда” эканини айтди.
Якшанба куни Уммонда Эрон ядро дастури бўйича АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасидаги музокараларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. Унда Қўшма Штатлар президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан учрашиши кутилаётганди.