Сурхондарёда 3 гектар майдонда ёнғин кузатилди – вертолёт ва дронлар орқали ўчириш ишлари олиб борилди

Бугун, 18 июнь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида ёниб кетган 3 гектар ер вертолёт ва дронлар ёрдамида ўчирилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 17 июнь куни соат 17:45 да Сурхондарё вилояти ФВБга Бойсун тумани Кенгдала ўрмон хўжалиги бўлимига қарашли арчазорларга туташ ҳудудда қуруқ ўтлар ёнганлиги бўйича хабар келиб тушган.
Хабарга асосан зудлик билан ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, тегишли хизматлар ва кўнгиллилар ҳамкорлигидаги ҳаракатлар натижасида 3 гектар майдондаги ёнғин ўчоғи 18 июнь куни соат 07:10 да бартараф этилиб, кенг майдонларга тарқалишининг олди олинди.
Ёнғинни бартараф этишга вилоят ФВБдан 85 нафар шахсий таркиб, 4 та техника, Ўрмон хўжалиги бўлимидан 40 нафар ходим, 4 та техника, ИИБдан 6 нафар ходим, Мудофаа вазирлигидан 20 нафар ҳарбий хизматчи ва битта ҳарбий вертолёти, маҳаллий аҳолидан 40 нафар кўнгилли жалб этилган.
Шунингдек, содир бўлган ёнғинни бартараф этиш жараёнида ёнғин ўчоғини мониторинг қилиш учун Чегара қўшинларининг учувчисиз учиш воситаларидан фойдаланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzcosmos агентлиги сунъий йўлдошлар орқали ўтказилган космик мониторингга таяниб, Ўзбекистонда жорий йилнинг июнь ойининг шу даврига қадар 1 605,4 гектар ер майдони ёқиб юборилганини маълум қилганди.