“Ёқилган фитна олови”: Навбатдаги соатларда Эрон ва Исроил тақдири ҳал бўлади

“Ёқилган фитна олови”: Навбатдаги соатларда Эрон ва Исроил тақдири ҳал бўлади

Кеча, 17 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан ўтказган йиғилишида иштирокчилар Эрон ва Исроил ўртасидаги можарода навбатдаги 24-48 соат ҳал қилувчи бўлишини билдирган. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

 

Нашрга кўра, ушбу муддат якунига етгач, можаронинг дипломатик ечими бор-йўқлиги маълум бўлади, акс ҳолда АҚШ ҳарбий чоралар кўришга мажбур бўлади.

 

Учрашув бошланишидан олдин Трамп Truth Social тармоғида бир нечта постлар эълон қилиб, Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийни “осон нишон” деб атаган ва мамлакатдан сўзсиз таслим бўлишни талаб қилган. Унинг кескин риторикасига қарамай, ABC’нинг ёзишича, АҚШ Эрон билан ядровий дастур юзасидан музокараларни қайта бошлаш мумкин, деб ҳисоблайди. Америка расмийларининг фикрича, Теҳрон ҳозирда заиф позицияда, шу сабабли у музокара столига қайтишга мажбур бўлади ва уранни бойитишдан тўлиқ воз кечишни назарда тутувчи битимга розилик билдиради.

 

Агар Эрон рози бўлса, Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ва вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс иштирокида юқори даражадаги учрашув шу ҳафта ичида бўлиб ўтиши мумкин. Қайд этилишича, бу ҳолатда Теҳрон иложи борича тезроқ қарор қабул қилиши керак бўлади, чунки Трамп “унинг сабри тугаётганини” очиқ билдирган. CBS ва “Axios”нинг олдинги хабарларига кўра, республикачи Трамп Эрондаги ядровий объектларга зарба бериш эҳтимолини истисно қилмаяпти.

 

Разведка маълумотларига таяниб, “The New York Times”нинг ёзишича, агар Қўшма Штатлар Исроилнинг Эрон устидаги ҳарбий операциясига қўшилса, Теҳрон Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига ракета зарбалари йўллайди. Минтақадаги америкалик ҳарбийлар юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилган.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Эрон билан музокаралар олиб боришни истамаслигини ва мамлакат бутунлай таслим бўлишини кутаётганини айтгани хабар қилинганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: