АҚШ расмийси: «Ҳизбуллоҳ» Эрон-Исроил урушига аралашса — жуда ёмон қарор бўлади

АҚШнинг Сурия бўйича махсус вакили ва Туркиядаги элчиси Томас Баррак Бейрутдаги ташрифи чоғида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини Эрон ва Исроил ўртасидаги урушга аралашмасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, бу «жуда ёмон қарор» бўлади.
19 июн куни Ливан парламенти спикери Набих Берри билан учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берган Баррак шундай деди: «Президент Доналд Трамп ва махсус вакил Стив Виткофф томонидан бу мавзу юзасидан аниқ баёнот берилган — «Ҳизбуллоҳ»нинг урушга аралашиши жуда, жуда ёмон қарор бўлади».
«Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг Эронга нисбатан ҳаво ҳужумларини қоралаган ва Эрон раҳбариятига тўлиқ ҳамдардлик билдирган. Аммо ҳаракат ҳозирча тўғридан-тўғри урушда иштирок этиш таҳдидини билдирмаган. Reutersга маълум қилишича, ташкилот Исроилга қарши мустақил зарба бериш нияти йўқ.
Маълумотларга кўра, «Ҳизбуллоҳ» ўтган йилиги Исроил билан бўлган урушдан сўнг жиддий заифлашган. Минглаб жангчилари ҳалок бўлган, ҳаракатнинг Жанубий Ливан ва Бейрут яқинидаги позициялари вайрон қилинган. АҚШ воситачилигидаги ярашув шартларига кўра, Ливан ҳукумати давлатдан ташқари қуроллар назоратини тўхтатиши шарт қилиб белгиланган.
Баррак шу куни Ливан президенти Жозеф Аун билан ҳам учрашиб, мамлакатда қуролланган кучлар устидан тўлиқ назорат масаласини муҳокама қилди.
Томас Баррак — хусусий инвестиция соҳасидаги таниқли шахс бўлиб, Доналд Трампнинг 2016 йилги инаугурациясини ташкил қилган қўмитага раҳбарлик қилган. Май ойи охирида у Сурия бўйича махсус вакил лавозимига ҳам тайинланган.