Трампни ҳам ер ютмасайди!.. Ютсачи?!

Трампни ҳам ер ютмасайди!.. Ютсачи?!

Сўнгги пайтларда Трампни кўрсам, Мусо алайҳиссалом замонида ер ютиб кетган Қорун эсимга тушиб кетадиган бўлди. Трампнинг ўзини тутиши, “амеркаликлар учирган ракетани ҳеч ким тутиб қололмайди”, деб кариллаши, “ҳар қандай ишга қудратимиз етади”, деб кибрланиши Қоруннинг айни тўғёнидир.
Айниқса, Россия-Украина урушидан кейин… дунёнинг тақдирини МЕН ҳал қиламан, деб ўйлаб қолди шекилли. Қорун ҳам бойлигига мағрур бўлиб, истаганинг билан гаплашаман деганди.
– Мағрурланма, бу ишни Аллоҳ ёмон кўради, – дейишди.
– Нима қилишни ўзим биламан! – деди.
– Ер юзида бузғунчилик қилма! Мана бу бойликлардан бечораларга эҳсон қил! – дейишди.
– Ҳаммасига мен ўзим эришдим! Истаганимни қиламан! – деди.
Қоруннинг хода етмайдиган бу тумшуғига қараб, айрим одамлар ҳавас қиларди.
– О! Бунга бас келиб бўладими? – дейишарди.
Ниҳоят, унга берилган муҳлат тугади. Бир куни Қорунни ҳам, унинг бойлик тўла масканини ҳам ер ютди. “Ҳар қандай ишга қудратим етади”, деган одам на ўзини, на бойлигини қутқара олди.
– О, Қорун! Жонимиз сенга фидо бўлсин! – деб унинг пинжига тиқилаётганлар бирдан ўзгарди:
– Худо марҳамат қилмаганида бизларни ҳам ер ютарди! Во ажаб! Кофирлар нажот топмас экан-да! – деб қолдилар.
Дунёда ҳамма нарса айланиб туради. Жумладан, Қоруннинг қисмати ҳам! Ана шу тарих бугун айланиб келганга ўхшайди. Золимларнинг қисматини кузатишда давом этамиз. Ва доим эсда тутамизки, оқибат тақводорларники!
         Алишер Назар
Дўстларингизга ҳам юборинг: