Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг беш нафар юқори мартабали аъзоси Исроилнинг ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг беш нафар юқори мартабали аъзоси Исроилнинг ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди

Бу ҳақда Reuters агентлиги Эрон оммавий ахборот воситаларига таяниб хабар бермоқда.

ЦАХАЛ тунги ҳужум чоғида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) дронлар бўйича иккинчи бригадаси командири Аминпур Жудакий ҳалок бўлганини маълум қилди.

Шунингдек, эрталаб Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Эроннинг Қум шаҳрида жойлашган уйга берилган зарба натижасида ИИҚКнинг Фаластин бўлими раҳбари Саид Изaдий ўлдирилганини эълон қилди.

Бундан ташқари, ЦАХАЛнинг маълум қилишича, ИИҚКнинг “190-гуруҳ” командири Беҳнам Шаҳриёрий ҳам ҳалок бўлган. Исроил махсус хизматлари маълумотларига кўра, Шаҳриёрий 21 июнга ўтар кечаси Эроннинг ғарбида ўз автомобилида кетаётган вақтда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан нишонга олинган.

Исроил Шахриёрийни минтақадаги Эрон тарафдори бўлган гуруҳларга, жумладан, ҲАМАС, Ҳизбуллоҳ ва ҳусиларга қурол етказиб бериш учун жавобгар шахс деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни Исроил Эронга қарши зарбаларни бошлаганида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саламий ва Эрон бош штаби раҳбари Муҳаммад Багерий ҳалок бўлган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: