Россия Ўзбекистонда катта ва кичик қувватли 2 та АЭС қуради

Россия Ўзбекистонда икки янги атом электр стансиясини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда рус нашрлари хабар берди, аммо Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бу масалага муносабат билдиришмаган.
АЭСлардaн бири 2 ГВт қувватга эга катта, иккинчиси 110 МВт қувватли кичик АЭС бўлади.
Ўзбекистондаги кичик АЭС учун биринчи бетон 2026 йилда қуйилиши режалаштирилган, қурилиш эса 2029-2033 йиллар давомида босқичма-босқич якунланиши кутиляпти.
Аввалроқ, “Ўзатом” директори Азим Ахмедхўжаев электр энергиясига бўлган талабни қондириш учун Ўзбекистонга катта қувватли тўртта АЭС зарурлигини таъкидлаган эди. Унинг фикрича, мамлакатдаги энергия эҳтиёжини қоплаш учун катта АЭС қуриш муҳим.