Мисрдан Тошкентга гепатитга қарши дорининг тўртинчи партияси олиб келинди

Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган «Софосбувир-400мг» дори воситасининг жорий йилдаги тўртинчи партияси Тошкентга етказилди.
Қайд этилишича, мазкур партия Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан Шарм-ал-Шайхдан Тошкентга олиб келинган.
Миср ҳукумати ёрдамининг жорий йилдаги тўртинчи партияси умумий 32 дона қутидан иборат бўлиб, улар 7680 дона «Софосбувир-400мг» дори воситаларини ўз ичига олади.
Ўзбекистонда гепатит С ни 2030 йилга қадар бартараф этиш бўйича миллий дастур ижроси доирасида дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, Миср ҳукумати томонидан 2023-2024 йиллар давомида ушбу вирусга қарши вазни 12,4 тонна бўлган «Даклатасвир» ва «Софосбувир» дори воситаларининг 27 та партияси мамлакатга етказиб берилган. Мазкур дори воситаларининг умумий қиймати 1,4 миллион АҚШ долларига тенг.