Тошкентда 11 ёшли қиз дўкон томида ток уриши оқибатида вафот этди

Ижтимоий тармоқларда 11 ёшли қиз ток уриши натижасида вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати изоҳ берди:
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 30 май куни тахминан соат 18.00 да Миробод туманида Амир Темур кўчасидаги савдо дўконлардан бирининг том қисмига 2014 йилда туғилган Н.А. укасининг ўйинчоғини олиб тушиш учун нарвон ёрдамида чиққан. Қайтиб тушаётган вақтида том қисмига яқин жойдан ўтувчи электр токини ушлаб олган ва ток уриши натижасида воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (“Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.