Қирғизистон кўмир экспортини яна олти ойга чеклади

Қирғизистон автомобиль транспортида кўмир экспортини вақтинча чеклади. Бу ҳақда 21 июнь куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарорни қабул қилди.
Кўмирни (ЕОИИ ТИФ ТН кодлари 2701 ва 2702) олиб чиқишга қўйилган вақтинчалик чеклов олти ой давом этади. Янги тартибга кўра, Қирғизистон ҳудудидан автомобиль транспортида кўмир экспорт қилиш тақиқланади. Фақат Иркештам ва Торуғарт автомобиль ўтказиш пунктлари бу тақиқдан мустасно ҳисобланади.
Шунингдек, чеклов Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Қирғизкўмир” давлат корхонасига чегара ўтказиш пунктлари орқали автотранспортда кўмир экспортини амалга оширишда татбиқ этилмайди.
Қайд этилишича, қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 15 кун ўтгач кучга киради.
2024 йил ноябрь ойида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ҳам кўмирни автотранспортда Евроосиё иқтисодий иттифоқидан ташқарига олиб чиқишни олти ойга тақиқлаган эди. Чора ички бозорни барқарорлаштириш, аҳоли ва корхоналар учун кўмирнинг арзонлигини таъминлашга қаратилган эди.
Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон Қирғизистон кўмирининг асосий харидори бўлиб қолмоқда. Мамлакатга 186,8 минг тонна тошкўмир ва 51,2 минг тонна қўнғир кўмир экспорт қилинган. Етказиб бериш ҳажми 2024 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 52,4%га ошган.