Танзила Нарбаева ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилмоқда

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева гўёки “Ўзбекистон фуқароларининг махсус ҳарбий операцияларда иштироки қонуний ҳисобланади” деган мазмундаги баёнот бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати бу хабарларни рад этди.
Сенат расмий баёнотида таъкидланишича, Нарбаева томонидан бундай мазмунда ҳеч қандай баёнот берилмаган. Тарқатилган маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ахборот хизмати бу каби ёлғон хабарларни тарқатиш жамоатчиликни чалғитишга уриниш эканини билдириб, уларни кескин рад этди.
Фуқаролардан ёлғон ва тасдиқланмаган маълумотларга ишонмаслик, фақат расмий манбалар орқали берилган ахборотларга таяниш сўралади.