Мозамбикда “Аш-Шабаб” жангарилари камида 120 нафар болани ўғирлаб кетди

Мозамбикда “Аш-Шабаб” жангарилари камида 120 нафар болани ўғирлаб кетди

Мозамбикнинг шимолий Қабу-Делгаду вилоятида ДАИШ билан боғланган “Аш-Шабаб” террорчи гуруҳи жангарилари камида 120 нафар болани ўғирлаб кетган. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) ташкилоти баёнотида маълум қилинган.

«Мозамбикнинг шимолий ҳудудларида камида 120 нафар бола ўғирлаб кетилган. Улардан айримлари мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда, айримлари ҳарбий мақсадда фойдаланилмоқда ёки турмушга узатилган», — дейилади баёнотда.

HRW маълумотига кўра, болаларни кўп ҳолларда жангарилар ўзларининг ўғирлаган мол-мулкларини кўтариб олиб юришга мажбурлашади. Баъзиларини эса тўғридан-тўғри қуролли тўқнашувларга жангчи сифатида жалб этишади.

Ташкилот сўнгги икки ойда ҳужумлар ва ёш болаларни ўғирлаш ҳолатлари кескин ортиб кетганини таъкидламоқда. Шу муносабат билан Мозамбик ҳукуматидан болаларни қидириш ва янги ўғирлашларнинг олдини олиш бўйича чораларни кучайтириш талаб қилинмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: