Ўзбекистонда беш ойда қанча фуқаро овқатдан заҳарланди?

2025 йилнинг ўтган 5 ойи давомида 14 та ҳолатда овқатдан заҳарланишлар рўйхатга олиниб, унда 42 нафар фуқаро жабрланган. Бу ҳақда АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Таъкидланишича, юзага келган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг ўнта ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида ботулизм касаллиги қайд этилган. Улардан 8 нафарини болалар ташкил этади.
Учта ҳолатда овқат токсикинфекцияси қайд этилиб, 13 нафар фуқаро жабрланган, шундан 8 нафарини болалар ташкил этади. Кимёвий заҳарланиш битта ҳолатда қайд этилган.
Ўзбекистонда эса 2024 йилда Санитария-эпидемиология қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари томонидан жами 20 184 та умумий овқатланиш корхоналарининг 1 512 тасида (7,49 фоиз) текширувлар олиб борилган.
Натижада уларнинг 664 тасида (3,29 фоизи) санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талаблари бузилганлиги аниқланган.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 600 миллионга яқин киши заҳарли ёки сифатсиз овқат истеъмоли оқибатида касалланади.