«…Сени деб жаннатдан чиқиб келганман!!!» (видео)

Фариштага қандай меҳр берилади? Фаришта қандай ардоқланади? Илоҳий суралар билан, хайрли амаллар билан, покиза яшаш билан. Сиз фариштанинг дўсти, унинг меҳрибони бўлишни истайсизми?! Уни ёнингиздан кетказмаслик йўлини биласизми?! Мен биламан. Тинимсиз зикр қилинг, у сизга табассум билан боқади. У сизнинг савобларингизни ҳисоблаш учун дафтарини очади. Савоблар кўпайгани сайин, дафтарининг варақлари ошгани сайин, фариштанинг жозибадорлиги ошиб боради. Ахир у ҳар кун Эгамнинг ёнига ҳисоб бергани боради. Ана шу ҳисобда яхши гапларни кўп-кўп айтгиси келади. Аллоҳнинг қувонганини кўргиси келади… Ҳар тонг, ҳар асрдан фаришталар алмашар эмиш. Шунчалик кўп хайрли амаллар қилингки, фаришта ёнингиздан кетолмай қолсин. Ўзини алмаштиргани келган фариштага, шошмай тур, шошмай тур, яна бироз унинг ёнида турайин, десин. Сизга қонмасин, тўймасин!..