Хитойдаги кўршапалакларда инсон учун хавфли янги вируслар аниқланди

Янги вируслар Нипа ва Хендра вирусларига ўхшаш бўлиб, оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Хитойнинг Эндемик касалликларни назорат қилиш институти олимлари кўршапалакларда инсон учун хавфли бўлиши мумкин бўлган икки янги вирусни аниқлади. Уларнинг генетик таркиби Нипа ва Хендра вирусларига яқин экани маълум қилинди. Бу ҳақда EurekAlert хабар берди.
Янги аниқланган вируслар бош мия яллиғланиши ва нафас йўллари касалликларини келтириб чиқариши мумкин. Маълумки, кўршапалаклар табиатан турли микроорганизмлар, жумладан, инсон учун хавфли патогенлар учун резервуар ҳисобланади. Бироқ, уларда мавжуд барча вирус, замбуруғ, бактерия ва паразитларнинг тўлиқ таҳлили ҳозиргача етарлича ўрганилмаган. Илгари ўтказилган тадқиқотлар асосан кўршапалак нажасига қаратилган эди.
Янги тадқиқотда олимлар Хитойнинг Юннань провинциясидаги бешта ҳудуддан тўрт йил давомида йиғилган 10 турга мансуб 142 кўршапалак буyrakларини текширди. Генетик таҳлил учун замонавий технологиялар ёрдамида 22 та вирус аниқланди. Уларнинг 20 таси илгари илм-фанга номаълум бўлган.
Энг хавотирли жиҳат шундаки, Henipavirus авлодига мансуб икки янги вирус Нипа ва Хендра вирусларига жуда ўхшаш. Бу вируслар инсонлар яшайдиган ҳудудларга яқин жойлашган мевали боғларда яшайдиган кўршапалакларда топилган. Маълумки, Henipavirus кўршапалаклар пешоби билан ифлосланган мевалар орқали одам ёки чорва ҳайвонларига юқиши мумкин.
Тадқиқот давомида олимлар кўршапалакларда яна Klossiella yunnanensis деб номланган янги протозой (бир ҳужайрали паразит) ва икки хил бактерияни аниқлади. Уларнинг бири илгари илм-фанга номаълум бўлган ва Flavobacterium yunnanensis деб номланди.
Муаллифларнинг таъкидлашича, бу кашфиётлар кўршапалак буйракларида мавжуд барча микроорганизмлар тўплами — инфектом ҳақида билимимизни кенгайтириб беради. Шу билан бирга, олимлар ҳайвон аъзоларини тўлиқ таҳлил қилиш орқали зооноз (ҳайвонлардан одамга юқадиган) хавфларни янада чуқурроқ баҳолаш зарурлигини таъкидламоқда.