Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (3-қисм)

Светанинг ҳайҳайлашига қарамасдан, улар чиқиб кетишди. Вокзалгача яёв боришди: салкам олти километрлик масофага. Ҳаммаёқда «қизил»лар изғиб юришибди. Кечаси юрган ҳар қандай одам уларда шубҳа уйғотади ва шубҳа уйғотганларнинг асосий қисми жойида отиб ташланади. Шундоқ экан, уларнинг кўзларига кўринмаган маъқул эди. Улар бир яшириниб, бир очиққа чиқиб, узоқ юришди. Аммо, барибир, қўлга тушишди.

— Тўхта!

Олег билан Ислом шу заҳоти юришдан тўхтади. Бир-бирларига қараб олишди ва секин ортларига бурилишди. Чунки овоз шу томондан келган эди. Салдан кейин битта қора чарм камзулли ва иккита аскар уларнинг ёнларига келди.

— Қаерга кетаяпсанлар? — дея дарров сўроққа тутди чарм камзулли.

— Заводга кетаяпмиз!.. — деди бирдан Олег.

— Қанақа завод?

— Ахир билмайсанми? Бу ёқда биттагина завод бор. Ҳозир тунги смена ҳам очилган. Жанг майдонларига қурол етказиб бериш керак. Бўлмаса «оқлар» яна…

— Бу ким? — деди йўл қўриқчиларининг каттаси.

— Бирга ишлаймиз, — дея жавоб берди Исломнинг ўрнига Олег.

«Каттакон» Исломнинг яқинига келиб, унинг юзига тикилди:

— Негадир ўхшамайди… Ундан кейин сизлар кетаётган томонда заводнинг ўзи йўқ. Қани…

У гапини давом эттиролмади. Ислом унинг ёқасидан маҳкам ушлаб, сўнг қўйиб юборди. Шунинг ўзида бечора, содда, гўл, аҳмоқ уйланолмайдиган бўлиб қолди. Оёқлари орасида шунақанги кучли оғриқ пайдо бўлдики, унинг нафаси қайтди. Аскарлар бирдан қуролларига ёпишди. Бироқ ҳар иккисининг ҳам бўйин қисмига Ислом биттадан зарба берди. Улар ҳушларидан айрилиб, ерга қулашди.

— Тирик қолдириб бўлмайди, — деди Олег ва қолган ишларни бажариб қўя қолди. Фақат чарм камзуллининг бўйни синаётганида қарсиллаган овоз эшитилди.

Икковлон мурдаларни судраб, дарахтнинг остига олиб бориб ташлашди.

— Нега ўлдирдинг? — дея ундан сўради Ислом.

— Ўликлар гапирмайдилар. Аммо сен жудаям чаққон бўлиб кетибсан. Ҳаракатларингни кўз илғамайди. Хорижда ўқишнинг фойдаси…

— Агар одам ўлдириш фойда бўладиган бўлса… у фойда эмас, фақат зарарингга ишлайди. Сенга шундай бўлиб кўринади, аммо фойда эмас…

— Қаҳвахонада гумдон қилганларинг-чи?

— У бошқа ҳолат. Унда мен ўзимда эмасдим. Ҳали-ҳамон уларнинг қотилликлари кўз ўнгимдан кетмаяпти. Қўй, бу ҳақда мендан бошқа сўрама… Бир нарса мени роса ўйлантираяпти: одамлар оч-юпун юришибди. У ерда эса ҳатто қовурилган жўжа бор. Маишатинг учун ҳамма нарса тайёр, — деди Олег билан ёнма-ён кетиб бораётган Ислом шивирлаб.

— Барчаси қизил ҳарбийлар учун. Ҳозир уларга ҳамма нарса мумкин. Яна истаган нарсаларини ейишади. Қолганлар билан бировнинг иши йўқ. Ҳатто ишонмайсан, катта-катта олимларнинг, врачларнинг ҳам ҳолига маймунлар йиғлайди. Яқинда бир профессорни уйидан ҳайдаб чиқаришди. Нима эмиш, унинг бир ўзи учун Москва марказидаги икки юз эллик квадрат келадиган квартира ҳаддан зиёд катта эмиш. Профессор ўзининг уйидан лаборатория ҳам очиб олибди. Рухсати бор экан. Рухсатни эса Николай подшо берган экан. Ўша рухсатнома йиртиб ташланибди. Профессор қанчадан-қанча оғир касалларни даволар эди. У ўз ишининг устаси эди. Шундай одам кўчага қувилган экан, бошқалардан умид ҳам қилмаса бўлади… Бундан бу ёғига кучингни бошқа кўрсатма. Дарров шубҳа уйғотиб қўясан. Аслида, анави «тун қўриқчилари» билан келишса бўларди, аммо сен қалтис ҳаракат қилиб қўйдинг…

— Йўқ, улар билан келишолмасдинг. Гап-сўз кўпайиб кетарди. Бунинг устига, вақтимиз зиқ, эртароқ кетишимни ҳал қилишим керак.

— Ҳимм, — деб Олег бошини сарак-сарак қилди.

Улар бир соатдан камроқ юриб, манзилга етишди. Ҳаммаёғи яланглик бўлган вокзал. Баъзи жойларда мойчироқларнинг милт-милт ёруғи кўринади. Паровознинг пишиллаган овози эшитилади. Кейин чигирткаларнинг чириллашлари ҳам тўхтамайди.

Олег Исломни вокзалнинг шимолий қисмига бошлади. Ўзининг иш жойи шу томонда. Отлар ҳам шу ёққа келтирилган.

— Отбоқарлар бўлишса керак, — дея сўзлади у юриш асносида.

Ислом индамади.

Боришди. Отлар вагонларга ортилаётган экан. Ҳар бир вагонга қирқтача от чиқариляпти. Одам кам. Иш чўзиляпти. Ҳали емиш ҳам ортилиши керак. Ана шундай бир пайтда Олег ўзига таниш бўлган, вокзалнинг хўжалик ишларида ишловчи, аллақачон қирқ ёшдан ўтиб кетган Игорь исмли одамнинг ёнига борди. Игорь, айтиш мумкинки, буржуйлардан эди. Қизиллар ҳукуматга келишди-ю, дарров улар билан ҳам тил топишиб олди. Бир-икки кунни ҳисобга олмаганда, ҳозир ҳам пичоғи мой устида. Бундан чиқди, ҳамма ҳам камбағал, ҳамма ҳам очдан ўлмаётган экан-да.

— Мен сенга зўр битта ишчи олиб келдим. Қозондан келиб қолди. Нуқул: «Қизил аскарлар сафига қўшиламан», дейди. Мен унга: «Керак бўлса, аскарликдан ҳам муҳим ва инқилоб учун ўта фойдали ишлар бор», деб сенинг ёнингга олиб келдим, — деди.

— Олег, рости, Худонинг ўзи сени менга етказди. Тонг отгунича отларнинг ҳаммасини ортиб бўлишимиз керак. Эшелон саҳарлаб жўнаб кетади. Ҳозир менга ёрдам берадиган одам сув билан ҳаводай зарур, — дея иржайди Игорь.

— Марат! — деб Исломга қаради Олег. — Мана сенга иш. Агар тил топишиб олсанг, сени Туркистонга ҳам жўнатиб юборади.

— Нима, Туркистонга бормоқчими бу? — деб иржайди Игорь.

— «Қол, оғайни. Шу ерда маза қиласан?» — десам ҳам гапимга кирмаяпти.

— Ишончли йигитми?

— Ишончлики, у ёқ-бу ёғи йўқ.

— Унда қол, — дея Исломга юзланди Игорь.

— Жанг қилгим келаяпти.

— Илгари милтиқ ушлаганмисан?

— Ўрганиб оламан.

— Ўрганиб олгунингча «босмачилар» жойингни солишади. Менинг ёним зўр. Мен билан ишласанг, ҳар куни буғдой нон ёки шунга ўхшаш нарса ейсан. Ёрдамчим бўлиб юрасан, нима дединг?

— Мен бориб ўз кўзим билан кўришим керак.

— Нимани кўрасан? — дея Игорь атрофга ўғринча қараб олди. — Одамларнинг ўликлариними ёки ёнаётган уйларними? У ёқда ҳозир айни қирғинбарот мавсуми, боришинг билан сениям эзғилаб ташлашади.

— Бу ёмон ўжар бола. Ёшлигидан шундай. Битта қиз роса ёпишганди. Ўжарлик қилиб, «сени олмайман» деб туриб олди. «Олмасанг ҳам майли, гаплашиб юрайлик», десаям кўнмади. Аммо ҳозир сенга жон деб ёрдам беради. Чаққон ишлайди. Кучи кўп-да. Сўнг жа аскарларга қўшмасанг ҳам, отбоқарлар билан бирга жўнатиб юбор. Отбоқарлик қилиб бориб келсин. Ана ундан кейин урушни кўнгли тусайдими-йўқми, билиб оламиз, — деди Олег.

— Майли, ихтиёрларинг, — деб қўлини силтади Игорь.

— Дўстим, — дея унинг елкасига қўлини қўйди Олег, — ҳозир ишинг кўплигини кўриб, ўзимниям ёрдам бергим келаяпти. Аммо иложим йўқ. Маратнинг жомадонини олиб келиб беришим керак. Агар иккаламиз ҳам кетсак, вақтдан ютқазамиз. Марат сенинг қўлингда ишлаб турсин, мен югуриб бориб жомадонни олиб келаман.

Шундай қилиб, Олег Исломни шу ерда қолдириб, ўзи уйига югуриб кетди. Кетишининг боиси бор эди. Хотинини отасининг уйига жўнатиб юбориши керак эди. Кейинчалик уни шу яқин-атрофга олиб келади. Ахир кечаси тугул, кундузи юриш ҳам хавфли бўлиб қолди.

Ғалати томони, Ислом келгунича вагонларга чиқмасдан тихирлик қилаётган отлар бирдан ўзгарди-қолди. Ҳайдаса, ўзлари вагонга чиқиб кетаяпти.

Ишчилар ўн беш киши атрофида бор эди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, отларнинг ҳаммасини вагонларга жойлаб бўлишди. Кейин уларнинг емишлари ортилди. Шу билан тонг ҳам отди. Орада Олег келди. «Зўрға бориб келдим. Анави мурдаларни топишибди. Ҳаммаёқ қий-чув, роса қидир-қидир бўлаяпти. Айланиб ўтишимга тўғри келди. Энди бу ёғига уч-тўрт кунсиз иш жойимдан кетмайман. Светага ҳам шундай деб тайинлаб келдим. Оғайни, эҳтиёт бўл. Ўзбошимчалик қилма. Ҳамма нарсага бурнингни тиқиб кетаверма», деди.

Вагонлар паровозларга уланди. Охирги вагонлар экан. Игорь Исломнинг қўлига кичкинагина қоғозча берди. «Отбоқарсан. Сўраганларга кўрсатасан», деди.

Шу билан қуёш терак бўйи кўтарилганда эшелон йўлга тушди.

Охирги тўртта вагон отлар ва емиш учун ажратилганди. Ислом эса сўнгги вагонда эди. Ўзидан бошқа яна иккита шериги бор эди. Улардан бири роса художўй христиан экан. Йўлга тушишларидан олдин обдан ибодат қилди. Албатта, ибодатини бировга кўрсатмай бажарди. Мабодо кўрсатиб қўйса борми, нақ терисини шилиб олишарди. Иккинчи шерик учига чиққан пиёниста экан, яна қайси гўрдандир бир дунё спирт ундирибди. Емишнинг тагига беркитиб қўйибди. Ўзиям поезд жойидан қимирлаши билан ичишни бошлаб юборди ва сал ўтмай ўчиб қолди. Бу пайтда поезд эндигина шаҳардан чиққан эди.

Ислом пичан устига ўзини ташлаб, кўзларини юмди. Илло, чарчоқ уни шунга мажбур этганди. Ахир кечаги воқеалар, туни билан мижжа қоқмаслик оқибатида тинкаси қуриган эди…

Художўй шериги уни уйғотди. Унинг исми Василий экан, уйғотганидан кейин у ўзини шундай деб таништирди. «Отларга емиш бериш вақти келди», деди у.

— Балки, яна бироздан кейин берармиз, роса чарчаганман, — деб жавоб қилди Ислом.

— Балога қолиб кетамиз. Бизга уларни соғ-омон олиб бориш топширилган. Йўл узоқ. Бирортасига бирор нима бўлса, сўраб-нетиб ўтиришмайди. Тарсиллатиб отиб ташлашади.

— Кимлар?

— Дошқурларнинг каттаси. Бутун эшелонга улардан бошлиқ тайинланган.

— Нега? — деб сўради бирдан кўзини очган Ислом.

— Чунки эшелондаги аскарларнинг асосий қисми дошқурлар. Жаллодлар. Улар раҳм-шафқат нима эканлигини билишмайди. Сал амал тегиб қолса борми, улардан катта йўқ дунёда. Хуллас, ўрнингдан тур, ортиқча бошоғриқ орттириб олмасдан, отларга емиш берайлик.

Ислом норозиланиб пиёнистага қаради. Ахир у хуррак отиб ухларди.

— Фойдаси йўқ, — деди Василий, — сендан аввал уни уйғотишга ҳаракат қилиб кўрдим, лекин турмади. Аслида, шу валакисалангнинг нафи тегмаслиги бошидан маълум эди. Игорь тиқиштирди-да. Нега шундай қилди, билмайман. Ўзи-чи, у Игорнинг қариндоши бўлади. Доим вокзалда ётиб юради. Юкхоналарда. У ерда эса Игорь хўжайин. Уни жуда кўп марта шарманда қилган бу пиёниста. Қутулишнинг йўли эса бизга қўшиш бўлди.

Ислом кулиб қўйди. У бошидаги телпакни бостириброқ кийиб олди. Вагонда отларга емиш бериш муаммо эмас. Чунки ем-хашак шундоққина ёнларида турибди. Оласан ва жониворларнинг тагига ташлайсан: шу билан иш битди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: