Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (4-қисм)

Ислом қайтиб келиб яна пичан устида ётди. Аммо бу сафар ухламади. Унинг хаёлини олдинги вагонлардаги дошқурлар эгаллаб олди. Уларнинг нима мақсадда Туркистонга кетаётганликлари кундай аён. Ёмон томони эса — Исломнинг шу қотиллар билан бирга кетаётгани эди. Худдики мана шу бало-офатни у ўзи олиб бораяпти. Кейин у ўзининг киндик қони тўкилган Бачқир қишлоғини кўрсатади. «Мана шу менинг тупроғим, менинг Ватаним. Қишлоқдаги тирик жоннинг ҳаммасини қириб ташланглар, биттаям одам қолмасин», дейди гўё. Худди қаҳвахонадаги дошқурлардай булар ҳам қузғундай ёпирилишади. Бирпасда… Бачқир — катта қишлоқ. Тахминан беш юз хонадон бор. Ана шу беш юз хонадоннинг ҳаммаси бараварига ёнади. Уларга оғилхоналар қўшилади. Қўй-қўзи, эчки-улоқ ҳар томонга қочади. Итлар акиллайди. Аммо ҳамма шовқин-суронни одамларнинг оҳу нолалари босиб кетади… «Қиз-жувонлар мен бошлаб борган душманнинг қўлига тушиб қолмаслик учун жони борича қочишади. Қайси бир омади келгани, эҳтимол, қочиб ҳам қутулар. Ҳа, барибир, кимдир қутулиб қолиши керак. Сабаби, кимдир мени қарғаб ўтиши керак-ку. Ўшалар менинг сингилларим бўлса-чи, амакиларимнинг қизлари бўлишса-чи, холаваччаларим бўлишса-чи!..»
У ўйини давом эттиролмади. Титраганча қўлларини мушт қилди.
— Нима гап? — деб сўради Василий унга тикилиб.
— Ўзим шундай, — деди унга жавобан Ислом, сўнг қайтиб жойига ўтирди-да, Василийга юзланиб: — Биринчи марта боришингми? — деб сўради.
— Аввал ҳам борганман. Тўрт марта.
— Нима бўлган?
— Нима бўлганини билмайман. Мен поезддан эллик метр ҳам узоқлашмаганман. Топшириқ шундай бўлган. Аммо қайтаётганимизда кўп ярадорлар билан бирга, вагонларни мол-дунёга тўлдириб қайтганмиз.
— Тушунмадим.
— Аскарлар нима ўлжа олишган бўлса, ҳаммасини вагонларга тиқишарди. Худди улар бу ерларга ўғирликка, босқинчиликка келишгандай. Ишонсанг, ўлжаларнинг орасида ҳатто товуқлар, жўжалар ҳам бор эди. Ўшанда роса бошим қотган. «Большовойлар халқпарвар, йўқсилларни қўллайдиган эмасмиди? Шунча нарсаларни ундирибсанлар, камбағалларга бўлиб бермайсанларми? Сен босқинчилик қилаётган юртда ҳамма ҳам бой бўлмаса керак», дердим. Қизиқ томони, қизил аскарлар (уларнинг асосий қисмини дошқурлар ташкил этарди) вагонга чиққанларидан кейин ўлжаларни бир-бирларига сотишга тушишарди ёки кимдир кимдандир тортиб оларди. Қимор ўйнашарди. Қиморга ўлжаларини тикишарди. Шунақанги жанжаллар бўлардики, ҳайратдан ёқа ушлайсан. Жанжални дошқурлар уюштиришарди. Чунки улар ютқазишни исташмайди. Фақат ютишлари керак. Кейин, асосан, улар ўлжа билан қайтишарди. Чунки эшитишимга қараганда, қонхўрликларни кўп қилишаркан, уларнинг олдини кесиб чиқадиган одамнинг ўзи йўқ экан. Сабаби, тепанинг ўзи қўллаб турган экан… Қанчадан-қанча ярадор йигитлар поезд ғилдираклари остида қолди… Бир нарсани айтайми сенга? — деди Василий у ёқ-бу ёққа қараб оларкан. — Агар сотқин бўлмасанг.
— Сотқин бўлганимда, сенинг ибодат қилаётганингни чақиб берардим.
— Менга қара, сен мусулмонмисан?
— Ҳа, шундай.
— Нега унда ибодат қилмайсан?
Исломнинг бошига биров гурзи билан ургандай бўлди. Ахир унинг отаси Нурмуҳаммад қори: «Болам, қаерда бўлсанг ҳам, нима иш билан шуғуллансанг ҳам намозингни канда қилма, пешонанг доим саждада бўлсин», деб тайинлаган эди. Аммо Россияга келгани бери намоз ўқимади. Қандайдир чалкашиб, бир нималарга ўралашиб қолгандай эди у. Бўлмаса, Англияда ошиғи билан намоз ўқирди. «Отамдай қори бўламан», деб Қуръоннинг ўн беш порасини ёд олди.
— Сенга раҳмат! — деди бирдан у Василийга. — Бир тийинга қиммат бўлган нарсалар билан овора бўлиб қолибман.
— Татармисан?
— Бунисига кейин жавоб бераман. Сен анави гапингни айтмадинг.
— Хуллас, айтмоқчи бўлганим шундай: большовойлар террор давлатини ташкил этишди, очофатлар дунёсини барпо этишди. Бухородан ундирилган вагон-вагон тиллалар янги барпо бўлган давлатнинг ғазнасига бориб тушди, деб ўйласанг, қаттиқ адашасан…
— Ҳар бир ўлдирилган одам учун қизил империя пул тўлагани ростми?
— Рост. Ҳозир мени кўриб турганинг қанчалик рост бўлса, уларнинг ана шундай расвогарчиликларни қилганликлари ҳам рост!..
— Сен ўзинг нега ҳар сафар Туркистонга бориб келаяпсан?
— Менга шуниси тинч. Ҳамма бир-бирини сотаяпти. Арзимаган амалинг учун отилиб кетасан. Ундан кўра, вагонга ўтирасан, ўн кунда Туркистонга етиб борасан. Юкларни туширасан, яна юк ортишади. Қайтиб келасан. Керак бўлса, мен уйимга бормайман. Вокзалда янаги эшелон тайёр бўлишини кутаман. Бунинг устига, ҳар доим қорним тўқ.
— Хотин, бола-чақанг йўқми?
— Йўқ. Ота-онам революция бошланмасидан ўлиб кетишган. Энди ўйлаб қарасам, улар бахтли одамлар бўлишган экан. Мана бундай хунрезликларни кўрмай ўлиб кетишди. Энди овқат маҳали бўлди. Бунинг учун олдинги вагонларга боришимиз керак. Анави пиёнистани уйғот.
Ислом Игорь уларга қўшиб юборган, соқоллари ўсган, кийим-бошлари кир-чир нусхани турткилади. У қимирлаб қўйди, аммо уйғонмади.
— Оч қоласан, юр, овқатланиб келамиз, — деди Ислом.
— Ўзларинг бориб келаверинглар. Менинг овқатимни олиб келиб берсанглар, яхши бўларди, — деди пиёниста кўзларини очмай.
— Яна кўнгиллари нимани тусайди, оқ подшо ҳазратлари?
Ислом шундай дейиши билан пиёнистанинг кўзлари бирдан очилди ва ўрнидан туриб ўтирди.
— Сен! — деди қўлини бигиз қилиб. — Иккинчи марта мени унақа дема!..
— Нега? Ётишинг, буйруғинг подшоларникига ўхшайди-ку!
— Ундай дема. Айтма! Мен йўқсилман!
— Бўпти унда, ўртоқ йўқсил! Марҳамат қилиб, бориб овқатингизни еб келинг. Йўқса, очингиздан ўласиз. Ўлик одамни эса вагонда қолдиришмайди.
Олдинда Василий юрди, кейин Ислом, ана ундан сўнг пиёниста. Улар пишқириб турган отларнинг орасидан ўтишди. Кейинги вагонга киришди. У ердаям шу аҳвол. Учинчи вагондан ўтишди. Нариги томонда аскарлар вагони. Яна иккита вагондан ўтиб, ошхонага етиб боришади.
— Отбоқарлар! — дея қийқиришди аскарлар улар кириши билан. — Бунча исқиртсанлар?
Василийнинг қулоғи бундай камситишларга кўникиб қолган. Эътибор бермади. Аммо Исломнинг қони қайнади. Бироқ тишини тишига босди. Юришда давом этди.
— Ие! — дея яна қийқирди ўша аскар. У дошқурлар вакили эди: бурни танқайган, қоп-қора соқол-мўйлов қўйган, кўзлари косадай. Бурнининг битта тешиги ёнида тиртиғи бор.
— Ие! — деди у яна. — Қоравойлардан ҳам бор-ку!..
У шундай дейиши билан вагондагиларнинг кўпчилиги Ислом томонга қаради. Ислом қора эмасди. Сочи қоп-қора, ўзи оқ-сариқдан келган эди. Бироқ туркистонликларга ўхшайди. Шунинг учун ҳам дошқурлар вакили уни шундай деб атаганди.
Ислом унинг сўзларига эътибор бермаган киши бўлиб, йўлида давом этди. Тиртиқ бурун эса унинг олдини тўсиб чиқиб:
— Сен нима қилиб юрибсан? — деди.
— Мен… Мен отбоқарман!
— Ўхшамайсан-ку.
— Отбоқар! — деди Василий ортига ўгирилиб. — Савичнинг шахсан ўзи менга шерик қилиб берган. Қозондан. Исми Марат. Фамилияси Ганулин. Кўнглинг хотиржам бўлган бўлса, йўлини тўсма!
Дошқурлар вакили Исломга йўл бўшатди.
Кейинги вагонда ҳам улар камситилди. У ерда ҳам Исломга нисбатан ҳақоратомуз гаплар айтилди. Лекин начора, Ислом ҳаммасини ичига ютди ва улар билан алоҳида ҳисоб-китоб қилишни кўнглига тугиб қўйди. Ўзи асли нияти ҳам шу эди.
Улар бориб овқатланишди. Сўнг изларига қайтишди. Яна олдингисидан кам бўлмаган камситишларга дуч келишди. Айниқса, Ислом. Қайси дошқур кўрса, албатта, битта пичинг қилади.
— Ҳар куни аҳвол шуми? — деб сўради Ислом қайтиб келганларидан кейин Василийдан.
— Ҳар куни уч маҳал. Лекин мен уларни бир тийинга олмай ўтиб кетаман. Улар гапиришаяптими, ит ҳураяптими, фарқи йўқ. Сен ҳам кўникиб қоласан.
— Кўниколмасам керак. Бирортасини бир ёқли қиламан.
— Ундай гапни хаёлингдан чиқариб ташла. Улар шунчалик маразки, у ёқ-бу ёғи йўқ.
— Савич ким?
— Ҳеч ким. Унақанги одам борлигини билмайман. Аммо буларга шундай десам, улар қандайдир қизил аскарларнинг каттаси деб ўйлашади. Илгари ҳам бир неча марта шу фамилияни ишлатганман. «Майли, сенлар нима қилсанглар қилаверинглар, аммо мен сенларнинг қилмишларинг тўғрисида, албатта, Савичга етказаман», деганман. Бирдан унлари ўчган… Тўпори, қўпол, маданиятсиз, фақатгина кўринишидан одамни эслатувчи нусхалар, аслида, мутлақо миясиз. Гапираётганлари сал-пал рус тилини билишади. Қолганлари ошқовоқ калла. Улар фақатгина ўлдиришни, кейин босқинчилик қилишни билишади. Хуллас, шундай гаплар.
— Мен бўлсам, — дея гапга аралашди пиёниста, — ҳеч кимдан қўрқмайман. Игорь бор, тамом-вассалом. Кейин нега бизга ичкилик беришмади?
— Сенга беришларининг ҳожати йўқ, ўзингники бор-ку, — деди Василий бурнини жийириб.
— Борликка бор, лекин тугаб қолишидан қўрқаман. Тугаса, мен яшаёлмайман. Менга қара, Туркистонгача неча кун юрамиз? — деди алкаш.
— Ўн кун, — деб унга жавоб берди Василий.
— Ўн кун?! Нега бунча кўп?! Етказолмайман! — дея сочларини ғижимлади пиёниста.
— Ҳамма нима билан овора-ю, бунинг ташвишига бир қаранглар! — деди Василий ғижиниб.
— Лекин, — деди унинг ёнига келган пиёниста, — мен тўла-тўкис инқилоб томонидаман. Баъзи бировларга ўхшаб, яширинча ибодат қилмайман!
Василийнинг бирдан овози ўчди. У бошқа гапиролмай қолди. «Бундан чиқди, — дея ўйлади Ислом, — бу маст бўлиб жуда ўзидан кетиб қолмайди. Мастлигида ҳам бошқаларни кузатади. Кузата олади».
— Йўли бор, — деди Ислом, — аскарлардан сўрайсан. Уларда ҳамиша бўлади.
— Ҳа, мана бу яхши фикр. Бу яхши одамнинг гапи! — деди пиёниста Василийга қараб, сўнг Ислом томонга ишора қилиб қўйди. Кейин бориб яшириб қўйган жойидан ўша сабил қолгурни олди. Кир-чир стаканига қуйди ва қўйнига солиб келган қора нонни чиқариб, уни чуқур ҳидлади, кейин стакандагини қултуллатиб юта бошлади. Василий ҳам, Ислом ҳам кузатиб турди.
— Балки, — деди Василий, пиёниста стакандагини охиригача ичиб бўлиб, яна нонни ҳидлаётган маҳал, — менга ҳам берарсан.
Пиёниста хунук иржайди.
— Буни қаранглар-а, мен ўн кунга етказолмайман деб қўрқаётган бир пайтда, шундай азиз нарсани сўраб турибдилар. Мана!..
У икки бармоғи орасидан бошмалдоғини чиқариб, Василийга кўрсатди.
— Текинга эмас. Иккига бир. Яъни сен бир стакан берасан, мен сенга иккита қилиб қайтараман.
— Қандай қилиб? Қаердан оласан?!
— Сенинг ўрнингга аскарлардан мен сўрайман. Улар билан менинг танишчилигим бор. Нима дединг? Сенга бўлса беришмайди. Сабаби, бунинг учун сен уларга ёқадиган нимадир беришинг керак. Ниманг бор сени? Ҳеч ниманг! Кир, йиртиқ фуфайкангнинг эса бировга кераги йўқ.
— Ҳимм, кўндирдинг, — деб пиёниста стаканни тўлдирди-да, Василийга узатди.
Василий бир кўтаришда ҳаммасини ичиб юборди. Аммо газак қилмади. Билагини ҳидлаб қўйди. Ислом эса бориб ўзининг жойига ётиб, шифтга тикилди. Бир муддатдан сўнг унинг ёнига Василий келиб ўтирди.
— Нега ичдинг? — деб сўради Ислом.
— Мажбур бўлдим.
— Нега?
— Чунки анави иблис мени сотиб қўйиши мумкин эди.
— Кимга?
— Дошқурларга. Шунинг эвазига улардан ароқ ундирарди. Пиёниста учун ҳеч ниманинг аҳамияти йўқ. Нима қилиб бўлса-да, ароқ ундирса бўлди.
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.