Момақалдироқ «Реал»нинг ўйинига таъсир қилиши мумкин

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасидаги “Реал” – “Зальцбург” учрашувига об-ҳаво шароити халақит бериши мумкин.
Мусобақа гуруҳ босқичининг 3-тур учрашуви Филаделфияда бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан соат 06:00да бошланади.
Marca нашрининг хабар беришича, штатдаги ғайритабиий иссиқликдан сўнг ўйин давомида момақалдироқ хавфи кучайиши кутилмоқда. АҚШда ўйин ўтказиш қоидаларига кўра, агар стадиондан 8 мил радиусда (тахминан 13 километр) чақмоқ тушса, ўйин тўхтатилади, жамоалар майдонни, мухлислар эса трибунани тарк этишади.
Қайд этилишича, жамоаларга ноқулай об-ҳаво шароити ҳақида хабар берилган. Айни дамда об-ҳаво турнирнинг 6та ўйинига ўз таъсирини ўтказди.