Тошкентда дарахтларнинг рақамли реестри тузилмоқда

Тошкент шаҳрида дарахтларнинг рақамли реестрини яратиш ишлари бошланди. Бу ҳақда «Замин» фонди матбуот хизмати хабар берди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти мутахассислари томонидан ўтказилган ўқув курслари ва дала синовларидан сўнг, пойтахтдаги яшил ҳудудларга оид маълумотларни ягона электрон базага киритиш ишлари бошлангани маълум қилинди.
Реестрда дарахтларнинг сони, тури, ёши, ҳолати ва бошқа муҳим кўрсаткичлари акс этади. Лойиҳада сунъий интеллект, GPS ускуналари, фотофиксатсия ва яшил майдонларни махсус ускуналар ёрдамида ўлчаш технологиялари қўлланилади. Дендрологлар томонидан текширувдан ўтказилган дарахтлар ҳақида тўлиқ маълумот green.tashkent.uz платформасига киритилади.
Рақамли реестр шаҳарсозликни режалаштириш, ердан фойдаланиш ва дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Йил якунигача камида 1 млн туп дарахт ушбу платформа базасига киритилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбари томонидан тасдиқланган фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда 254 млндан ортиқ дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитасини яратиш белгиланган.
Шу билан бирга, экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг маълумотига кўра, пойтахтдаги дарахтларнинг тўлиқ реестрини тузиш жараёни 2,5 йил давом этади.