Италиянинг кўплаб шаҳарларида жазирама туфайли «қизил» хавф даражаси эълон қилинди

Италияда мамлакат бўйлаб кутилган экстремал иссиқлик сабабли кўпгина шаҳарлар учун «қизил» даражадаги хавф огоҳлиги эълон қилинди.
Италия соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда иссиқлик тўлқини бу кунларда кўп шаҳарларни қамраб олиши кутилмоқда, деб маълум қилди. Шунингдек, вазирлик иссиқликдан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ва аҳолига огоҳлантиришлар эълон қилди.
Шанба куни Анкона, Болонья, Больцано, Брешия, Флоренция, Фрозиноне, Латина, Милан, Неаполь, Палермо, Перуджа, Пескара, Рим, Турин, Триест, Венеция ва Верона каби шаҳарларда максимал хавф даражасидаги «қизил» огоҳлик берилди. Якшанба куни бу рўйхатга Катания, Чивитавеккья, Риети ва Витербо ҳам қўшилади — жами 21 шаҳар жуда кучли иссиқлик оқибатларига дучор бўлади.
Вазирлик таъкидлашича, «қизил» хавф даражасидаги ҳудудларда иссиқлик нафақат қариялар, болалар ва сурункали касалликлари бўлган одамлар учун, балки соғлом ва жисмонан фаол одамлар учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкин.