Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (7-қисм)

Ахир ўлдирилганлардан бири ўта жангари бўлган дошқурнинг туғишган укаси эди. У гавдали эди. Унинг кучи кўп эди. Унинг фаросати нари билан берининг орасида эди. Қотиб қолди. Ҳайрон бўлганча укасига қаради.
— Ким? — деди атрофга жовдираб.
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Ким?! — деди у яна, фақат бу сафар бақириб. Ана шундан сўнг қўллари қонга ботганча санчқи-пичоқ ушлаб ухлаганлар ҳақидаги хабар тарқалиб қолди.
У бировдан сўраб-нетиб ўтирмади. Ўлдирганлар қўшни қишлоқнинг одамлари. Ўлдирганлар вакили қиморда ютқазган эди. Кейин унинг қишлоғининг одамлари буларнинг қишлоғи вакилларини пичоқлаб қўйишди. Улар отилиб кетишди. Бироқ аламлари ичларида қолган экан… Келиб-келиб, унинг укасини ўлдиришадими?!
— А-а-а-а!!! — дея бақирди у ва бирдан милтиғини олди. Ўқ жойлади ва энди отмоқчи бўлганида, унга бирдан бешта қизил аскар ёпишди. Бироқ у уларнинг бешаласини ҳам силтаб ташлади ва қўли қонга ботганлардан бирининг нақ қорнига отди.
Анави уйқуси ўчган, қўли қандай қилиб қон бўлиб қолганини тушунмай турган дошқур икки букилиб қолди. Шундан кейин беш-олти марта ўқ овози эшитилди. У ёғи «ур калтак-сур калтак» бошланиб кетди…
Жанжал ҳақида бошлиқлар эшитиб, токи етиб келгунларича, ҳар томондан тўрттадан дошқур жаҳаннамга равона бўлишга улгурган эди. Яна олтитаси турли кўринишдаги жароҳат олишганди.
Жанжал босди-босди бўлгунича икки соат ўтди.
Вагондаги ҳамма дошқурнинг қўли орқасига боғланди. Бари пишқирар, ўзларининг тилларида душман томонни обдан сўкар эди.
Масала ўта жиддийлашганди. Арсен билан Иван Николаевичнинг боши қотган, дошқурларни бирма-бир чақириб, сўроқ қиларди. Арсен дошқурларнинг молфаҳм эканликларини жуда яхши биларди. Аммо бунчаликка боришлари унинг ҳатто тушига ҳам кирмаганди.
Охири, «қотил»лар суд қилинди.
— Биз билмаймиз. Бошқалар қатори, ҳаттоки улардан олдин ухлаб қолгандик. Ҳаммадан кейин уйғондик. Қандай қилиб қўлимизга санчқи-пичоқ тушиб қолганини, нега қўлларимиз қон бўлганини ўзимиз ҳам тушунмай турибмиз, — дейишди.
Арсеннинг тепа сочи тикка бўлди. У ўзини босиб туролмади. Сакраб улардан бирининг башарасига мушт туширди. «Қотил» гурсиллаб полга қулади.
— Бас! — дея бақирди Иван Николаевич.
Арсен худди ҳўкизлардай пишқириб нафас ола бошлади. Иван Николаевич ўрнидан туриб, унинг елкасидан босишга ҳаракат қилди.
— Биз қандайдир, кимнингдир «ўйин»ига дуч келганга ўхшаймиз, — деди Иван Николаевич.
Шунда Арсеннинг хаёлига бирдан Ислом келди…
У худди тилла топган тентакдай Ислом қамаб қўйилган вагон томонга югуриб кетди. Қаршисидан чиққан қўриқчи аскарни суриб ташлади ва вагон эшигини очмоқчи бўлди. Аммо калит унда йўқ эди. Калит у суриб ташлаган аскарда эди.
— Оч! — дея бақирди у.
Аскар ҳайрон бўлганча унга тикилиб тураверди. Илло, унга: «Арсен келса, эшикни очма», деб Иван Николаевич тайинлаб қўйганди.
— Иложим йўқ, — деб жавоб қилди аскар.
Арсен шу заҳоти камарига тақилган ғилофдан наганини чиқариб, аскарнинг пешонасига тиради.
— Агар очмасанг, тепкини босаман!!! — деди оғзидан тупук сачратиб.
Қўриқчи аскар қўли қалтираганча калитни унга узатди.
— Ўзинг оч! — пишқирди Арсен.
Аскар ортига ўгирилиб, калитни қулфга солди, аммо очишга улгурмади. Чунки Арсеннинг ортидан етиб келган Иван Николаевич:
— Тўхта, аскар! Нима қилаяпсан, Арсен?! — деган эди.
— Иван! — деди кўзи қонга тўлган Арсен. — Менинг йўлимни тўсма! Мен нима қилишни биламан. Мен ҳақиқий қотил кимлигини биламан. Унинг дастидан менинг нечта миллатдошим ўлганини биласанми?!
— Сен нега миллатчилик қилаяпсан?! Нега сен ўртоқ Лениннинг сўзларига қарши бораяпсан?! Оғзингдан нима гаплар чиққанига ўзингнинг ақлинг етаяптими?! Биз эришган революция ҳар қандай миллатчиликни қоралайди!
— Лекин!..
— Лекин-пекинга ўрин йўқ! Суд қиламиз! Айби исботланса, у ким бўлишидан қатъи назар, отиб ташлаймиз! Ҳарбий дала суди бунга рухсат беради. Сен тўпорилардай фикрлама! Мен сенинг қадрдон дўстинг бўлганим учунгина шундай деяпман. Йўқса, сени ҳам суд қилишимга тўғри келар эди!
Арсеннинг бироз попуги пасайди. Ахир унга ҳам жон ширин. Аммо ёмон алам қилаяпти. Чунки, мана, икки кундирки, унинг миллатдошларига бало ёпишган. Ҳар куни улардан кимлардир ўлади. Бунақада Туркистонга етмасларидан бирорта ҳам дошқур қолмайди.
— Юр, қўлга олинганларни суд қиламиз. Отбоқар ҳам четда қолмайди.
— Хаёлимда сен уни ҳимоя қилаётганга ўхшайсан. Фақат негалигини тушунмаяпман.
— Мен ҳеч кимни ҳимоя қилмайман. Аммо адолатдан ҳам кўз юмолмайман. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бировни отиб ташламайман. Қани, юр!..
Ислом уларнинг ҳамма гапларини эшитди. Ахир ёғоч эшик анча юпқа, унинг ортида айтилган сўзлар бемалол бу тарафга эшитилади. Улар бўлса бақириб гаплашишди. Шундай экан, Ислом ҳатто ўрнидан ҳам турмади. Мабодо ўпкаси йўқ бошлиқ бостириб кирадиган бўлса, нима қилиш кераклиги режасини тузди. Аммо Арсен кирмади. Киришига йўл қўйишмади. Шундай экан, у бемалол кўзларини юмиши ва ҳатто бироз мизғиб олиши ҳам мумкин. Ахир туни билан ухламади…
Суд қилинганлар отиб ташланмади. Арсен қаршилик қилди. У: «Бу ерда яна нимадир борга ўхшайди. Шундай экан, айбдорларни ҳозирча қамаб қўяйлик», деди.
Ислом ухлаган экан. У тепкининг зўридан уйғонди ва ўрнидан сапчиб турди. Қаршисида Арсен, унинг ортида тўртта дошқур турарди. Уларнинг қўллари орқасига боғланган, кўзлари қонга тўлиб турибди. Ўзлари ҳар қанча ноҳақлик қилишлари мумкин ва буни айб санашмайди, аммо уларнинг ўзларини биров ноҳақдан айблаб қўйса, дунёга сиғмай кетишади! Ўкириб юборишади ва кимнидир ғажиб ташлагилари келади. Ҳозир улар худди шу кайфиятда туришар эди.
Ислом атайлаб киприкларини пирпиратиб Арсенга қаради, сўнг унинг ёнидагиларга. Кўзи Иван Николаевичга тушганда эса бироз жилмайган бўлди.
— Бопладим, деяпсанми?! — дея ўшқирди Арсен Исломга.
— Нимани? — сўради Ислом ўзини гўлликка солиб.
— Нималигини ўзинг яхши биласан.
Ислом елкасини қисди. Арсен эса вагон ичкарисига кўз югуртириб олди. Очиқ деразани кўрди. Унинг ёнига борди. Кейин иржайиб ортига ўгирилди-да:
— Бу ердан вагон томига чиқишга қийналмадингми? — деб сўради Исломдан.
— Чиқса бўладими? — дея саволга савол билан жавоб берди Ислом.
— Шуни сендан сўраяпман!
— Калламга келмаган экан.
— Келганда чиқармидинг?
— Хавфлимасми? Мен унақа жойдан қўрқаман.
Арсен Иван Николаевичга қаради ва тиржайди.
— Далил бор, — деди, сўнг ўзининг дошқурларидан озғинроғига, — деразадан ташқарига чиқ, — дея буйруқ берди.
Узун бурунли дошқур ортига тисарилди, сўнг бошини қашлаб:
— Жудаям тор, — деди.
— Мен сенга торми, кенгми деяётганим йўқ. Сен шу тешикдан ташқарига чиқ!..
Пўписадан кейин дошқур секин вагон деразаси ёнига қаради. У одам бўйидан тўрт қарич тепада, аммо дошқур паст бўйли эди. Қўлини чўзгани билан дераза рахига етмади. Шунинг учун сакрашга мажбур бўлди. Сўнг аста-секин кўтарила бошлади.
— Агар! — деди унга тикилиб турган Арсен. — Шу деразадан томга чиқсанг, жонинг омонда. Бўлмаса, итдай отилиб кетасан!
Буни эшитган дошқур жони борича дераза токчасига чиқиб олишга ҳаракат қилди. Чиқдиям, бошини ташқарига чиқардиям. Аммо гал гавдасига келганида қийнала бошлади. Бунинг устига, у қўрқарди. Ахир вагон ғилдираклари рельсга урилиб, «тақа-тақ» деган овоз чиқарар, бу эса ваҳимани баттар кучайтирар эди.
— Кўтарил! — дея ўкирди Арсен.
Дошқурнинг юраги товонига тушиб бўлганди. У ҳар қанча ғўдаймасин, кеккаймасин, бировларга иягини кўтармасин, аслида, ўтакетган қўрқоқ эди. Ахир тушиб кетса нима бўлади? Буни анави ортида турган ажалнинг балоси тушунармиди? Тушунмайди-да. Агар унинг ўзи ҳам шу тешикдан ташқарига бошини чиқарганида борми, аниқ момосини кўрарди.
— Мен сенга нима дедим?! — дея унинг орқасига мушт туширди Арсен.
Шундан кейин дошқурлар вакили яна олдинга интилди. Ярим белигача деразадан ташқарига чиқиб, пастга осилди.
— Тушиб кетаман! — дея бақирди у.
— Мараз! Сен жанг қилгани кетаяпсан, агар шу ердан тепага чиқишга қўрқаётган экансан, Туркистонда сенга бало борми?! — деб ўкирган Арсен унинг ортидан итарди. Дошқур айланиб олиб, сўнг вагон томига қўлини чўзмоқчи бўлди, аммо бажара олмади. Айланаётганида гавдаси уни пастга тортиб кетди, у боши билан тўғри рельсга урилди ва шу заҳоти калласи танасидан айрилди. Вагон ғилдираклари бирдан бўйнидан кесиб ўтиб қолди…
Вагондагилар қотиб қолишди. Илло, улар ғилдираклар остида нима воқеа содир бўлганини билишмади. Билганлари йиқилаётган дошқур вакилининг бақирганигина бўлди.
— Сен! — деди бу сафар кўзлари олайган Иван Николаевич Арсеннинг ёқасидан олиб. — Сен нималар қилиб қўйдинг?!
— У томга чиқиши керак эди, — дея жавоб қилди юрак уриши тезлашган Арсен.
— Энди сенинг ўзинг ҳарбий трибуналга тортиласан!
— Аммо ҳаммасини ўзинг кўрдинг-ку!
— Кўрганим учун айтаяпман!
— У томга чиқа олиши керак эди!..
— Бас!.. Олдимга туш! Аскар, сен асирга олинганларни шу ерга қамаб қўй!..
Ислом ич-ичидан хурсанд эди. У шундай бўлишини жуда-жуда истаган эди. Ҳаммаси жойида-ю, энди манави кўринишларидан дев қўрқадиган молсифатлар билан битта вагонда қамалиб қолгани чатоқ бўлди. Уларни кўрди дегунча асаби бузилади. Энди эса кўрмасликнинг сира иложи йўқ. Буларни ҳам беш дақиқада тинчитса бўлади, аммо ҳозир бундай қилиш хатарли. Чунки ҳамма ишни у қилаётганини сезиб қолишади. Бу эса унинг келгусидаги режаларини чиппакка чиқариб қўйиши мумкин.
Ислом жойига бориб чўзилди. Устига фуфайкасини ёпди.
— Нега ётволдинг? — деб сўради ундан дошқурлардан бири, ўша ҳаммасининг орасида энг қўполи — кўзи, бурнининг атрофи ва пешонасидангина қоп-қора жун чиқмаган бир нусха. Унинг бўйи узун, гавдаси катта эди.
— Нима қилай? — деди Ислом ётган жойида.
— Сен бизнинг қайғумизга шерик бўлмайсанми?
— Йўқ.
— Тушунмадим.
— Нимага тушунмайсан? Мен бир-бирларини қираётганларга қайғурмайман.
— Нима, биз бир-биримизни қираяпмизми?!
— Бўлмасам-чи! Сенларга тавқи лаънат теккан.
— Бу нима деганинг?! — деб дошқур унинг тепасига келди.
Ислом юзидан фуфайкани олди.
— Менга қара, отинг нима ўзи сенинг? — деб сўради.
— Багиш! — деди дошқур катта кўзларини баттар бақрайтириб.
— Багиш, кўринишинг ақлли одамларни эслатиб юборади. Аммо оғзингдан чиқаётган гаплар мутлақо аҳмоқларникига ўхшайди. Кўрмадингми?
— Нимани кўришим керак?
— Эй, — деб ўрнидан туриб ўтирди Ислом, — ўзидан-ўзи ўлиб кетаверасанларми?! Шу пайтгача анави тўполонда ўлганларни, кейин отиб ташланганларни ҳисобга олмагандаям, тунда ҳам бўғизландинглар. Тўғрими?
— Ҳа.
— Хўш, ўлдираётган одамни топдингларми?
— Йўқ.
— Демак, қарғиш теккан. Биз татарларда бундай пайтда битта яхши семирган қўй топиб сўйиб юборишади. Шу билан бошларидан офат арийди.
— Эсингни едингми? Бу ғирт хурофот-ку!
— Бўлса бордир. Лекин фойдаси тегади. Мен шундай бўлганини бир неча марта кўрганман.
— Қўйни қай гўрдан оламиз?
— Ҳе, — деб кулди Ислом, — ҳализамон чўллардан ўтамиз. У ерларда чўпонлар қўйларини боқиб юришади. Шулардан биттасини сотиб оласанлар. Яхшиси, иккита олганларинг маъқул. Чунки битта қўй ҳаммага етмайди. Чунки қўй сўйилганидан кейин гўшти ейилиши керак.
— Лекин сенинг айтганларинг ҳеч…
— Менга қара, сен роса «ғўл-ғўл» калла экансан. Сенга ҳаммаси аниқ-тиниқ айтилди. Бажарсанг бўлди.
Багиш шерикларининг ёнига борди. Шерикларининг суҳбатга аралашмаётганликларининг сабаби — улар, умуман, рус тилини билишмас эди. Багиш уларга Исломдан нима эшитган бўлса, ҳаммасини гапириб берди. Шериклар ҳайрон бўлишди. Ҳеч вақога тушунишмади. Аммо уларнинг Исломга нисбатан ҳурматлари ошди. Исломга худди шу нарса керак эди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.