Омскда биринчи ҳалол ресторан очилди

Россиянинг Омск шаҳрида биринчи ҳалол ресторан – Tasu ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда РБК хабар берди. Ресторанни Болшереч тумани собиқ депутати, тадбиркор ва “Татаристон – Омск” ишбилармонлик ва маданий алоқаларни ривожлантириш маркази директори Радик Миниханов очган.
Ушбу ҳалол ресторан шаҳар марказида жойлашгани билан аҳамиятлидир. У оилавий форматда ишлайди: ресторанда спиртли ичимликлар таклиф қилинмайди.
“Мусулмонларда «ҳалол» ва «ҳаром» тушунчалари бор. Шу сабаб ҳам биз ресторанда алкоголсиз оилавий муҳитни яратдик. Менюда Қозоғистон, Ўзбекистон, Чеченистон, Татаристон ошхоналарига хос таомлар мавжуд”, деган Миниханов.
Агар ресторан оммалашса, тадбиркор келгусида бу каби умумий овқатланиш шохобчалари тармоғини яратмоқчи. Билдирилишича, лойиҳага тахминан 12 миллион рубль маблағ киритилган.