Саудияликлар Мессига Роналдунинг шартномасига яқин шартнома таклиф қилишди

Саудия Арабистонида “Интер Майами” клуби ҳужумчиси, 38 ёшли Лионель Мессини жамоа сафига қўшиб олиш бўйича қизиқиш қайта жонланди. Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси (PIF) аргентиналик футболчига Криштиану Роналдуни мамлакат чемпионатига олиб келишга имкон берган шартлар даражасидаги таклифни тақдим этди. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, мазкур таклиф Мессининг отаси ва бир вақтнинг ўзида агенти бўлган Хорхе Мессига етказилган. Томонлар ўртасида музокаралар ҳам бўлиб ўтган. PIF таркибидаги клублар орасида футболчини қўлга киритиш борасида асосий даъвогар — яқинда Симоне Индзаги бош мураббий этиб тайинланган “Ал-Ҳилол” клуби ҳисобланади.
Шу билан бирга, айни вақтда Мессининг “Интер Майами”да ўзини бахтли ҳис этаётгани қайд этилмоқда.