Яқин кунларда Ғарбий Европани жазирама иссиқ қамраб олади — Deutsche Welle 

Яқин кунларда Ғарбий Европани жазирама иссиқ қамраб олади — Deutsche Welle 

Метеорологларнинг кутилмаларига кўра, Римда ҳарорат Целсий шкаласи бўйича 37 даражагача кўтарилади, Франциянинг порт шаҳри Марселда эса 40 даражагача етади. Италия жанубидаги Палермода +39°C иссиқ кутилаётгани сабабли Сицилия расмийлари куннинг энг иссиқ соатларида очиқ ҳавода ишлашни тақиқлади, бундай чорани Италия шимолидаги Лигурия минтақаси ҳам жорий қилди.

 

29 июн куни Португалия қутқарув хизматлари мамлакатдаги ўрмон ёнғинлари хавфига тайёр ҳолатда бўлиши эълон қилинган. Мамлакат пойтахти Лиссабонда ҳаво +42°C иссиқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, ўтган йиллар давомида ҳалокатли ёзги ёнғинларга дуч келган Испаниянинг катта қисмида ҳам ҳарорат 40°C даражадан ошиши тахмин қилинмоқда. Ғарбий Германияда эса июл ойининг дастлабки икки кунида ҳарорат +35°C даражага етиши кутилмоқда.

 

Европа Иттифоқининг Copernicus иқлим хизмати маълумотларига кўра, кучли иссиқ Европа қитъасида қайд этилган энг иссиқ март ойи каби рекорд даражадаги ҳароратлар кетма-кетлигидан кейин юзага келмоқда. Олимлар узоқ вақтдан бери инсоният томонидан углеводород ёқилғиларидан фойдаланишни глобал иқлим исишининг асосий сабабчиси деб огоҳлантириб келмоқда, бу эса атроф-муҳит учун ҳалокатли оқибатларга олиб келмоқда. Европадаги тобора кучли ва тез-тез такрорланаётган ёзги иссиқ тўлқинлари эса ушбу глобал исишнинг бевосита натижаси ҳисобланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: