Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (8-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (8-қисм)

Тушликда безовта қилишганини ҳисобга олмаганда, у куни билан вақтини ухлаб ўтказди. Чунки тушлик пайти овқат олиб келишганларида уни уйғотишди. Бу пайтда Багиш ва унинг шериклари нега ичкилик келтиришмаганидан норози бўлиб, шикоят қилишаётганди. Ахир улар қип-қизилидан ичмасдан туриб, бир бурда нон ҳам ея олишмайди. Томоқларидан ўтмайди ҳеч нима! Шунинг учун ҳам қаттиқ туриб олишди. «Агар Туркистонга бориб, босмачилар билан жанг қилишимизни исташса, биз сўраган нарсани келтириб беришсин. Йўқ эмас, бор. Бизнинг вагонда бор. Бошқа вагонларда ҳам етарли. Ҳеч бўлмаганда, ўзимизникини келтириб беришсин», дейишди.

Кўп тортишувлардан сўнг уларнинг талаблари қондирилди. Нақ ўн литр келтириб берилди. Ичкиликни кўришди-ю, дошқурлар оналарига дуч келгандай бўлишди. Ҳаммаси бараварига қийқиришди. Багиш ҳатто рақсга ҳам тушди.

Улар биттадан стаканни тўлдиришди. Идишни ўнг қўлларига олишди, чап қўлларини эса орқаларига қилишди ва тик турганларича тўқиштирмасдан, бир кўтаришда охиригача сипқоришди. Унинг ортидан яна битта стакан шайтон сувини ютишди. Шундан сўнггина овқатланишга ўтиришди. Айтганча, жа қурумсоқлик қилишмади, Исломга ҳам қадаҳ тутишди. Аммо Ислом уларнинг қўлларини қайтарди.

— Мен ишқибоз эмасман. Жиним суймайди.

— Сенинг калланг жойидами ўзи? Бусиз ҳаёт ҳаётми? Ҳе-е! Нима, умрингда ичмаганмисан?

— Бир-икки марта бўлган. Лекин икки кун одамгарчиликдан чиқиб юрганман. Ақлингни олади. Кейин молдан фарқинг бўлмай қолади.

— Нима?! Бизни мол деяпсанми?! — дея ўрнидан турди Багиш.

— Роса маст бўлганингдан кейин нима қилаётганингни билмай қоласан. Тўғрими?! Агар гапларим ёлғон бўлса, ёлғон, де.

— Лекин биз ҳеч қачон ўзимиздан кетар даражада ичмаймиз. Меъёрни биламиз.

— Билганингни қил, — деб Ислом овқатланишга тушди.

Ҳолат худди у айтганидай бўлди. Бир муддатдан сўнг учаласи бараварига тебранишга тушди. Кейин тортиша бошлашди. Аммо нимани бўлиша олмаётганлигига Ислом тушунмади. Сабаби, улар ўзларининг тилларида гапиришарди. Эҳтимол, уларнинг ўзлари ҳам айни пайтда нима ҳақда сўзлашаётганликларини билишмас…

Ислом қараса, ўн литрдан анча ортиб қоладиганга ўхшайди. Демак, уларга озгина ёрдам бериб юбориш керак.

— Зўрмисанлар?! — деди уларнинг тепаларига бориб. Шу заҳоти уларнинг учаласи ҳам бошларини кўтариб унга қаради. — Зўр бўлсанглар, — дея гапида давом этди Ислом, — битта нарса қиламиз. Барибир, бекордан-бекорга ўтирибмиз. Ким уч литрни тўхтатмасдан ича олади? Албатта, идишда унча қолгани йўқ. Қолганини тенг учга бўламиз. Мен ўзим бўлиб бераман. Чўнтагимда битта «червон» бор. Агар ким биринчи ичиб бўлса, ўша «червон» уники бўлади.

— Бўлди! — деди Багиш.

— Аммо иложи йўқ экан. Чунки стаканларингга кўп суюқлик кетмайди. Бошқа идиш йўқ. Бундай қиламиз: ҳаммага тенгма-тенг қуяман. Ким биринчи ичиб бўлса, ўшанга қуйиб тураман. Келишдикми?

— Келишдик.

Бу сафар ҳам қолган иккита шериги учун Багиш жавоб берди. Кейин нима деганини уларга таржима қилди.

Мусобақа бошланди. Багиш дарров шерикларидан олдинга ўтиб кетди. Чунки у бир кўтаришда ичкиликни сипқорарди. Ислом унинг идишини тўлдиргунча бошқалар ҳам ичиб бўлишди. Шундай қилиб, «ўйин» қизигандан-қизиди. Охирида, албатта, натижаси билинди. Ичимлик одатдагидан анча ўткир эди. Охиргисини ҳеч биттаси ичолмади. Қотиб қолишди. Энди уларнинг орқасини биров кесиб кетса ҳам билишмасди.

— Аҳволларинг бор-йўғи шу экан-у, кеккайишларингга бало борми? — деди Ислом ичида.

Дарров хуррак овози эшитилди.

У ярим тунда «ов»га чиқди. Одатдагидай, вагонлар устидан ўтиб борди. Охири, ўша ўзи ёқтирган вагонга тушди ва бу сафар ҳам душмандан тўрттасини гумдон қилди. Фақат бошқача усулда, яъни уларнинг бошини керагидан ортиқ буриб, қўйиб юборди. Буришда қарсиллаган овоз эшитилди ва бир лаҳзагина олдин нафас олаётган дошқур бошқа нафас ололмай дорилбақога равона бўлди.

Ислом ишларини битиргач, олдинги йўл билан изига қайтиб, вагонга кириб олди-да, ўша фуфайкани ёпиниб ухлади.

Уйғонганларда ҳали хавотир йўқ эди. Чунки ҳеч қаерда қон кўринмади. Бунинг устига, бировнинг қўлига ўз-ўзидан пичоқ келиб қолмади. Шундай экан, дошқурлар эриниб ўринларидан туришди. Ювинганлари ювинди, қолганлари кўзларини шифтга қадаганча ётаверишди. Ана шундай пайтда бир аскар ёнида ётган шериги қимирламаётганини сезиб қолди. Унинг юзи ёпиқ эди, шу боис турткилади.

— Тур, — деди.

Аммо шерик садо бермади. Шунда унинг юзини очди ва шеригининг нурсиз кўзи бақрайиб қолганини кўриб, бақириб юборди.

— Виген ўлиб қолибди!!!

Ҳамма бараварига чўчиб тушди. Унинг ёнига югуриб келишди ва аҳволни кўришди-ю, додлаб юборишди. Кейин яна учта ўлик топилди. Қайғу ошди…

Арсен билан Иван Николаевич кечаги воқеалардан кейин амаллаб келишиб олганди. Шунда ҳам Арсеннинг ялинишларидан кейин. Кейин иккаласи обдан ичишди. Офицерлар эмасми, бошқаларда йўқ нарсалар уларда бор эди. Шулардан бири — қовурилган гўшт… Аммо гарчи ҳар иккаласининг ҳам кайфи ошиб қолган эса-да, хавотир билан ухлашга ётишди. Уйғонганларида, ҳатто ювиниб келиб нонуштага тайёргарлик кўраётганларида ҳам уларни хавотир тарк этмаганди. Кеча анча олдин нохуш хабар келганди. Бугун ана шундай хабар йўқ. Шундан бироз хотиржам бўлишди. Бироқ орадан сал ўтмай, улар кутган хабар келди: «Дошқурлар вагонида яна тўртта ўлик!» Ҳар иккаласи ҳам оёғини қўлига олиб югурди.

— Ким?! — дея бақирди Арсен кўзи ёшга тўлиб.

Аммо унинг саволи жавобсиз қолди. Кеча-ку, тўрттасини гумдон қилишганди. Ўша тўрттани олиб бориб қамаб қўйишди. Бугун-чи? Бугун кимдан шубҳа қилишсин? Бугун кимнинг қўли қон?! Ҳеч кимнинг. Аммо ўликлар бор. Яна тўрталаси ҳам бир хил ўлдирилган: бўйни синган!

— Нима бўлаяпти?! — деди Иван Николаевич.

— Бизга тавқи лаънат теккан! — деди дошқурлардан бири.

— Қанақа тавқи лаънат?! — дея унинг ёнига борди Арсен.

— Мен билмайман. Лекин кўриб турибсан-ку ўзинг, — деди дошқур қизил аскар.

— Тавқи лаънатда одам ўзидан-ўзи ўлиб қолади. Аммо буларнинг ўлишига кимдир ёрдам берган. Ўша ҳожатбарор ким?!

Иван Николаевич Арсенни қўмондонлар вагонига олиб кетди. Шу ерда улар ўн кишидан иборат комиссия тузишди.

— Ҳар битта аскар ҳар томонлама текширилади. Сўроқ-саволга тутилади. Бундан ташқари, ҳаммасининг юклари ипидан игнасигача текширилади. Ким шубҳа уйғотса, ўша одам, у ким бўлишидан қатъи назар, қаттиқ жазоланади.

Шундай қилиб, ўша куни нонушта бўлмади. Иш бошқа вагонларда кетаётган аскарларни текширишдан бошланди. Бошқа вагонларда ҳам дошқурлар бор эди. Бироқ кунига фожиа бўлаётган вагондагидан оз эди. Бирининг ярми дошқур бўлса, бошқасида беш-олтитадан эди.

Шубҳа туғдирган ўн киши ажратиб олинди. Уларнинг учтаси дошқур эди.

Ҳеч ким ҳеч нарса тушунмасди. Аммо Иван Николаевич бир нарсаларни англагандай эди. Бироқ англагани нима эканлигини унинг ўзи ҳам билмасди.

Навбат қамоқ-вагонга келди. Уч дошқур ва Ислом қўмондонлик вагонига олиб борилди.

— Биз кеча кўп ичиб қўйгандик, шунинг учун ҳеч нимани билмаймиз, — деди Багиш.

— Молдай ичавердингларми? — деб сўради Арсен ватандошидан.

— Йўқ, биз мусобақа ўйнадик.

— Қанақа мусобақа? — деб сўради Арсен ўзининг тилида Багишдан.

— Марат пул тикди, — деб Багиш Исломга қараб қўйди.

— Ни-ма?! Пул тикди?! Марат?!

Бирпасда Арсеннинг кўзи қонга тўлди. Унинг учун Марат томонидан қилинган зиғирча бўлса-да айб улкан ютуқ ҳисобланар ва шунинг учун ҳам бемалол Исломнинг пешонасидан отиб ташлашга тайёр эди. Аммо ундан-да катта бошлиқ бор. Охирги пайтларда қитиқ-патига тегаётган бошлиқ. Бироқ куни кеча битта аскарнинг ўлимига ўзи сабабчи бўлиб, зўрға жазодан қутулиб қолди. Шунинг учун эҳтиёткорроқ бўлиши керак.

— Биз қиморни икки кун олдин бекор қилган эдик. Ўйнаган одамни жазолашимизни айтгандик! — деди у Иван Николаевичга қараб.

— Аммо у бориб «қизил аскарлар»ни ўлдирмаган. Боз устига, унинг амали қиморга ҳам ўхшамайди, — деб Иван Николаевич Багишга юзланди, — хўш, жангчи, гапир, нималар бўлди? Ҳеч битта гапни қолдирмасдан ипидан игнасигача гапир.

Багиш сўзни ўзларининг ўткир ичимлик сўраганларидан бошлади. Сўнг бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берди.

— Нега сен пул тикдинг? — деб сўради Иван Николаевич Исломдан.

— Роса зериккан эдим. Булар эса нуқул ўзларини ўйлашди, — деб жавоб қилди Ислом.

— Нима, сенга ичимлик беришмадими?

— Беришди. Аммо ўзимнинг ичгим келмади.

— Нега ичгинг келмади? — деб сўради Арсен айёрона нигоҳини Исломга қадаб.

— Бир марта ёшлигимда ичганимда, отам уриб тишларимни синдириб ташлаган. Шундан бери ўткир ичимликни кўрсам, ўша воқеа ёдимга келади. Қўрқаман.

— Қўрқаман, дегин, — дея мийиғида кулди Арсен, — наҳотки? Негадир ишонгим келмаяпти. Эҳтимол, сенинг режанг бошқа бўлгандир.

— Қандай режа? — деб сўради унинг ўзидан Ислом.

— Ҳаммани маст қилиб қўйиб, ўзинг…

— Агар гапларингизни тўғри тушунган бўлсам, деразадан чиқиб… шундайми? Аммо бунинг иложи йўқлигини ўзингиз ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Мен ҳали жонимдан тўйганим йўқ.

— Ҳозир ичасан, — деди бу сафар Иван Николаевич қовоғини уйиб, — сенинг ичмаслигинг менга бошқа нарсаларни эслатиб юбораяпти. Ҳар қалай, татарларда ҳам муллалар кўп эди. Албатта, биз уларни қириб ташладик. Аммо бирор ким четда қолиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Ўртоқ Ленин динни афюн деганлар.

Арсен қарсак чалди. Кейин кулди.

— Ҳақиқий жиноятчи, гарчи эшелонда бўлаётган воқеаларга дахли бўлмаса ҳам, жиноятчи. Жамият учун жуда катта хатар, — деди у бошлиғига юзланиб. — Рухсат этинг, ҳамманинг кўз ўнгида ибрат учун ўзим пешонасидан отиб ташлайин.

— Аввал биз тақдим қиладиган ичимликни ичиши керак.

Шу заҳоти дошқурларнинг севимли ичимлигидан стакан тўлди. Сўнг Исломнинг қўлига тутқазилди. «Аллоҳ, Ўзинг кечир. Менинг бошқа имконим қолмади. Уруш… Ҳийла қилмасам бўлмайди», дея кўнглидан ўтказди у.

— Қани, ич! Бир кўтаришда охиригача ичасан, — деб Арсен наганини Исломнинг пешонасига тиради.

Ислом у айтганидай бир кўтаришда суюқликнинг ҳаммасини ичиб юборди. Ичи ёнди. Кўзидан ёш чиқди.

— Ҳимм, бу имтиҳондан ҳам ўтдинг. Аммо сен ҳам худди «қизил аскар» жангчиларидай, улар қанча ичган бўлишса, шунча ичасан! — дея буйруқ берди Иван Николаевич.

Унинг хаёлига кутилмаган режа келди. Ҳозир Маратни маст қилиб ташлашади. Ана ундан кейин жангчиларидан бирортаси ўладими, йўқми, текширади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: