Трамп Эронга $30 миллиард ажратиш режасини рад этди

АҚШ Эронга фақат тинч мақсадларда фойдаланиладиган ядровий объектлар қурилиши учун $30 миллиард ажратишни режалаштираётгани йўқ. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида баёнот берди.
«ОАВдаги “ёлғон янгиликлар”дан қайси бир разил менга нисбатан “Президент Трамп Эронга ҳарбий бўлмаган ядровий объектлар қуриши учун 30 миллиард доллар беришни хоҳлаяпти” деган даъвони тарқатди? Мен бу абсурд ғоя ҳақида ҳеч қачон эшитмаганман», — деб ёзди Трамп.
Аввалроқ ОАВ хабар беришича, АҚШ маъмурияти Эрон билан музокараларга қайта келиш мақсадида, Теҳрон уранни бойитишдан воз кечса, тинч ядровий дастурини ривожлантириш учун $30 миллиардгача маблағга кириш имконини бериши мумкинлиги ҳақида муҳокамалар олиб бораётган эди.