Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (10-қисм)

Уйғонганида, вагондошлари пинакка кетишган экан. Ислом жойидан қимирламади. Шифтга тикилганча режа тузди. Ҳали вақт эрта. Бутун эшелон ширин уйқуга кетиши керак, акс ҳолда, режа амалга ошмай қолади.
У секин ўрнидан турди ва бир-бир қадам босганча хуррак отиб ухлаётганлар ёнига келди. Уйқуни анчага чўзишнинг иложи бор. Бунинг учун қулоқнинг тагидаги уйқуга жавоб берадиган қон томирга чертиб қўйиш керак… Ислом уларнинг ҳар учаласини шундай қилди. Вагондошлари ухлашда давом этишди. Бироқ энди уларнинг ҳеч бири хуррак отмас эди. Улар худди ўликдай ётишарди. Аниқки, бунақанги қаттиқ уйқу маҳали қўлларини кесиб олсангиз ҳам сезишмайди…
Ислом ишга киришишдан олдин дошқурлардан қолган нонларни еди. Ахир қорни жудаям очқаган. Ҳатто ошқозони оғриқ бераяпти. Нон қаттиқ экан. Қарсиллаган овоз чиқарди. Аммо жуда ширин, мазали қора нон. Оч одамга шундай. Оч одам суяк кемирса ҳам мазали туйилади…
У дераза ёнига борди ва унинг токчасидан ушлаб бироз кўтарилди. Шунда унга биров тепада юргандай туйилди. Йўқ, юргани эшитилмади, балки, қимирлаб қўйгани сезилди. «Бундан чиқди, — ўйлади Ислом, — томга ҳам қўриқчи қўйилган. Шубҳалари мендан. Иван Николаевич шубҳа қилмайди. Демак, Арсеннинг иши. Аммо Арсен ҳақ. Душман менман. У ич-ичидан сезаяпти. Аммо сира исботлаёлмаяпти. Баъзан шунақасиям бўлиб туради. Айбдорнинг кимлигини биласан, аммо айбдор дейишинг учун қўлингда исботинг бўлмайди».
Ислом секин деразадан бошини чиқарди. Шунда унинг юзига иссиқ шамол урилди. «Бундан чиқди, биз Россия ҳудудидан ўтибмиз. Бундан чиқди, асосий ишга киришсам бўларкан», дея кўнглидан ўтказди. Сўнг вагоннинг том қисмига қулоқ тутди. Шовқинда бирор нарсани эшитиш қийин эди.
У бошини ичкарига олди. Кейин том томонга қулоқ тутди. Қандайдир қимирлашга ўхшаган бир товушни эшитди. Энди унда шубҳа қолмаганди. Томда биров бор, аммо шу бировнинг ҳам тинка-мадори қуриган. Ахир тун бўйи битта жойда ўтиришнинг ўзи бўладими? Бунинг устига, узлуксиз шамол эсиб туради. Балки, ётиб олгандир. Ҳар қалай, тик турса оёғи, ўтирса бели толиқади. Ётганда эса ухлаб қолиши мумкин. Аммо у ухлаб қолишдан ҳам чўчийди. Чунки йиқилиб тушиш хавфи бор.
«Бу ёғи энди таваккал, — деди у ўзига ўзи ва яна олдин бошини, кейин гавдасини вагон ташқарисига чиқарди. Секин дераза токчасига ўтирди. Ундан кейин аввалгидай чаққонлик билан том томонга интилди.
Адашмаган экан. Арсен қўриқчи қўйибди. Фақат қўриқчи у ўйлаганидай ётиб олибди. Бу томонга қараб тураверганидан чарчаб, нариги томонига ўгирилиб олибди. Кафтига бошини тираб ётганига қараганда, у ҳам ҳар соатда алмаштириб турилади. У ухламаяпти. Шунчаки ётибди. Чунки деразадан биров томга чиқиши мумкинлигини тасаввур қилолмайди. Бунинг устига, битта дошқурнинг шу деразадан тушиб кетиб ўлганини эшитган. Аммо қўйишди. «Қоровуллайсан», дейишди. Нима қилсин? Ундан олдин турган аскардан сўради: «Бирор нима сездингми?» деб. У кўрсаткич бармоғини чаккасига тираб айлантирди ва айтмоқчи бўлдики: «Арсеннинг томи кетган. Бекорга шамолда шу ерда ётганинг қолади…» деб.
Исломга вагон ғилдиракларининг рельсга урилиб «тақа-тақ» қилгани ва шамол ёрдам бериб юборди. Чунки қўриқчи аскар ҳеч вақони эшитмади. Ислом секин унинг ёнига бориб, бўйнига кафтининг қирраси билан битта туширганди, аскар ётган жойида боши бир томонга оғиб қолди. Ислом уни пастга улоқтириб юбормади, балки, вагоннинг ўртасига узала қилиб ётқизиб қўйди. Кейин: «Эҳтимол, сенинг қўлинг ҳали қонга ботмагандир, аммо ниятинг шундай эди. Ниятинг — Туркистонга бориб, у ердагиларнинг қонини тўкиш, мол-давлатини тортиб олиш эди. Аммо ният қилибсан-у, амалга оширишга Аллоҳ рухсат бермабди. Тақдирингга худди мана шу жойда, худди мана шундай қилиб ўлиш ёзилган экан», деди…
Бу сафар Исломнинг вақти аввалгидай бемалол эмас эди. Шу боис тез ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Айни пайтда шовқинсиз юрди.
У орқадаги вагонга яқинлашганида, у ерда кимлардир гаплашаётганини эшитди. Бирдан энгашиб, оёқларининг учи билан юрди. Ана шу маҳал вагон ёнга қимирлаб кетди ва, сал қолса, у йиқилиб тушаёзди.
Ниҳоят, вагон охирига етди ва ётиб олди. Секин пастга қаради. Иккита аскар чекканча гаплашиб турибди. Бошқа тилда гаплашаяпти: дошқурлар тилида. Улар ҳам Иван Николаевичнинг чиқарган қароридан норози эдилар. Чунки ярим тунда биров вагонма-вагон юриб, қотилликлар қилишига ишонишмасди. Улар қотил дошқурларнинг ўзларининг ичида деб ўйлашарди. Ўша қимор ўйинидан кейин икки қишлоқнинг одамлари бир-бирига душман бўлиб қолишган. Уларнинг орасида кимдир ўтакетган қишлоқпараст. Ўша қишлоқпараст ўз ўрнида уста қотил ҳам. У туриб, вагондаги бошқа қишлоқ дошқурларини жаҳаннамга жўнатади-да, кейин келиб жойига ётади. Эрталаб эса гўё ҳеч нимани билмагандай уйғонади…
Ислом сакраб тушди. Шу сакрашнинг ўзида тамбурда турган ҳар иккала дошқурни тепди. Иккаласи ҳам кутилмаганда теккан зарбадан кейин пастга қулади. Иккисини ҳам поезд ғилдираклари эзиб ўтиб кетди. Ана шундай пайтда вагонлар яна бир марта ёнига қимирлаб олди.
Ислом кейинги вагон эшигини секин очди.
— Ҳали вақт бўлмади, турсанг-чи жойингда…
Уйқусираб турган навбатчи «қоровул кириб келаяпти вақтидан олдин», деб ўйлади ва ҳаттоки яхшилаб қарамади ҳам. Бундан усталик билан фойдаланган Ислом унинг бўйнини қайириб синдирди ва секин ерга ётқизди ҳамда навбатчининг кепкасини олиб, бошига кийиб олди. Бундан ташқари, қуролига ҳам эга чиқди.
Вагон ичкарисининг ҳавоси бузуқ эди. Шунчалик бадбўйки, тоза ҳаводан кириб келган Ислом бурнини ёпди.
«Аллоҳ, мени ўзинг кечир. Бошқа иложим йўқ. Агар булар менинг юртимга етиб боришса, опа-сингилларимни абгор қилишади. Оталаримни, ака-укаларимни ўлдиришади. Буларнинг бари босқинчи», дея кўнглидан ўтказди ва ишга киришди.
Бир бошидан бошлади. Аввалги сафаргидай уч-тўрттасини гумдон қилиб, кейин чиқиб кетмади. Ундай нияти ҳам йўқ эди. Мақсади — эшелонни бутунлай душмандан тозалаб ташлаш эди. Шу боис жаҳл билан ўлжаларини нариги дунёга жўнатиб кетаверди. Вақт қисқа, шу боис осон йўл билан ҳаракат қилди. Ўша-ўша қўйнидаги ханжар билан.
Ҳеч ким овоз чиқармасди ва бунга улгурмасди ҳам.
Йигирма дақиқалардан сўнг, вагонда бирорта ҳам тирик одам қолмади. Унинг ўзидан бошқа.
Кейин секин орқадаги вагонга ўтди. Унинг қоровулини ҳам тамбурда учратди. Аслида, қоровулнинг турар жойи шу ер эди. Қоровул эшикни очиб чиққан Исломдан шубҳаланмади. Шубҳаланмагани қимматга тушди. Исломнинг қўлидаги қуролнинг учида санчқи-пичоқ бор эди. Ўша қоровулнинг кўксига кирди.
— Нега? — деди қоровул.
— Ажалинг етган экан, — дея шивирлади Ислом. Сўнг уни секин тамбурнинг устига ётқизиб қўйиб, кейинги вагоннинг эшигини очди. Бу вагоннинг навбатчиси эшик ёнида эмас эди. Нарироқда, қоровулликдан бўшаган, аммо уйқуси келмаган ва энди унга ҳамроҳлик қилаётган «қизил аскарлар» билан қарта ўйнарди. Қимор эмас, шунчаки ўйин.
Улар ҳам эшикнинг очилиб ёпилганига эътибор беришмади. Ахир бундай пайтда ким ҳам кирарди? Узоғи билан қоровул, у ҳам чеккилик сўраш умидида. Ҳар қалай, қартага берилганларнинг хаёлларида шундай ўй бор эди.
Ислом секин уларнинг ёнига борди.
— Нега жойингни ташлаб келдинг? — деди қартадан кўзини узмаган навбатчи.
— Хумори тутган, — дея қоровулнинг ўрнига жавоб берди навбатчининг рўпарасида ўтирган жангчи.
— Ҳа, — деб уларга бир-бир қараб чиқди Ислом.
Унинг овози янграши билан қарта ўйнаётганларнинг ҳар учаласи бирдан Ислом томон юзланишди. Шунда навбатчининг жағига милтиқ қўндоғи тегди. Зарба шунчалик кучли бўлдики, навбатчининг жағи синди. У ҳушидан кетиб йиқилди.
— Кимсан?! — дея бақиришга улгурди навбатчиликдан қайтган қоровул. Аммо жавоб ололмади. Тўғрироғи, жавобни эшитишга улгурмади. Кўзи олайди. Чунки томоғи тешилган эди. Уларнинг учинчи шериги қочмоққа ҳаракат қилди. Тўғрироғи, сал нарида турган милтиғи томон интилди. Бироқ милтиққа қўли етмасидан, боши ёрилди.
Исломнинг бу ердаги қилмишлари силлиқ кечмади. Бунинг иложи ҳам йўқ эди. Шу боис ҳамма томонга аланглади. Бирорта уйғониб кетгани йўқмикан, деган хавотирга борди.
Вагоннинг нариги томонида кимнингдир овози чиққандай бўлди ва шу томонга юрди.
— Нима бўлаяпти?
У дошқур эди. Шовқиндан уйғонганди. Бироқ ҳали кўзлари уйқули эди. Шу боис ҳеч нарсани тушунмаганди.
— Ҳеч нима. Бемалол ухлайвер, — дея шивирлади Ислом.
— Ҳим, — деди дошқур ва нариги томонига ўгирилиб ётган эди ҳамки, Ислом тезда унинг ёнига бориб, бирйўла мангу уйқуга жўнатиб қўя қолди.
Вагонда ҳеч қандай хуррак овозлари эшитилмай қолди. Аммо бунга анча вақт кетганди. Энди ортда яна битта вагон бор. Ўша сўнггиси. Унда тўлалигича дошқурлар кетишаяпти. Ислом ишни айни шу вагондан бошлаган эди… Вақт эса жудаям кам. Сабаби, қоровуллар алмашиб қолишлари мумкин. Исломнинг хавотири томда қолдирилган қоровулдан эди. Уни алмаштиргани келганлар, шубҳасиз, шовқин солишади. Шубҳасиз, ҳаммани уйғотади. Ана ундан кейин Исломнинг барча режалари чиппакка чиқиши мумкин. Унда у ниятига етолмайди.
У сўнгги вагон томонга кетиб бораркан, бирдан тўхтади. Ортига ўгирилди.
— Йўқ! — деди ўзига ўзи ва югурди. Эртароқ етиб бориши керак.
У иккита вагондан ҳеч бир хавотирсиз ўтиб кетди. Сўнг «қамоқ» вагонга дуч келди. Бу вагоннинг орқа томонидан эшиги йўқ. Йўл том орқали. Чирмашиб томга ҳам чиқиб олди. Сўнг янада тез юрди. Худди шу пайт қоровулни алмаштиришга келаётганларнинг овозларини эшитди. Улар ҳали кўринишмасди. Аммо ана-мана дегунча етиб келишади. Бунгача Ислом мурдани пастга ташлаб юбориши керак. Унинг ўрнини эса ўзи эгаллайди…
Амаллади. Сал бўлмаса, ўзини сездириб қўяёзди. Яна мурданинг кепкасини кийишга ҳам улгурди. У шамолда учиб кетмаслиги учун боғичини иягининг остидан ўтказди. Худди қўриқчилардай милтиқни орқасига осди.
Вагоннинг олд томонидан эса аввал навбатчи томга чиқди, кейин унинг ортидан янги қоровул. Уларнинг ҳар иккиси ҳам уйқусираганди. Айниқса, навбатчининг роса тинкаси қуриганди: ҳар гал қоровулни алмаштиради, кейин бориб вагонда ўтиради, уйқуси ўчган бўлади. Энди ухлаганида эса яна қоровулни алмаштириши керак. Яна уйқуси бузилади. Асаби ўйнайди. «Навбатчиликка мендан бошқа одам қуриганмикан?» дея ўйлайди. Аммо начора, буйруқни бажариши шарт. Яна кўп тамаки чекканидан унинг ўпкаси ҳиқиллаб овоз чиқара бошлаган эди.
— Мен томга чиқишим шартмиди? Ўлармидинг вагоннинг бошига келиб турсанг? — дея тўнғиллади у.
Ислом мийиғида кулди. «Эҳ, бечора», дея кўнглидан ўтказди. Сўнг овозини ўзгартириб:
— Йиқилиб тушма, — деди дўриллаб.
Шундан кейин навбатчи сергак тортди ва икки ёнига қараб олди. Аммо барибир йиқилди. Чунки йиқилишга мажбур эди. Ва бу кутилмаганда содир бўлди.
Ислом унинг ёқасидан ушлаб ўзига тортди-ю, томоғига мушт туширди, сўнг пастга итариб юборди. Унинг ортидан келган янги қоровул ҳеч нимага тушунмади. Қолаверса, қоронғида нималар бўлганлигини кўрмай ҳам қолганди. Билгани — навбатчи пастга боши билан шўнғиди.
— Нима бўлди? — дея энди навбатчи йиқилган томонга қараган эди ҳамки, ўзининг ҳам жағига мушт келиб тушди. Кейин у ҳам қулади. Олдингиси дорилбақога равона бўлган эди. Буниси ўлмай қолди. Чунки у боши билан тушмади. Аммо қўли билан елкаси синди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.