Нуриддин Исмоилов асари: “Қасоскор” (11-қисм)

Ислом изига қайтди. Унинг учун ўта ашаддий душманга айланган дошқурлар вагонида бирорта тирик каззоб қолмаслиги керак эди.
У шошди. Чунки бу ёғи тонг отиб келмоқда эди. Ҳализамон ҳаммаёқ ёришиб кетади. Ҳализамон бўлиб ўтган улкан фожиадан тирик қолганларнинг ҳаммаси хабар топишади. Улар ҳали ҳам кўп…
Ислом вагонлар оралиғидан сакраб ўтди ва мўлжалдаги вагоннинг очиқ тамбурига ҳам сакраб тушди. Эҳтиёткорликни четга суриб қўйди. Боиси, энди бунга ҳожат қолмаган эди.
Дошқурлар вагонининг қоровули қандайдир товушни эшитди. Овоз келаётган томонга қараб турди. Ҳатто орқасига илинган милтиғини олди, бироқ затворни тортиб қўйиш кераклигини эсидан чиқариб қўйди. Бунинг устига, уйқусираганидан сакраб тушаётган одамга милтиғининг учидаги санчқи-пичоқни тўғрилашни ҳам уддалаёлмади…
Аслини олганда, ҳозир Туркистонга кетаётган қизил аскарларнинг бирортаси ҳам махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган эди. Улар ҳатто гарчи қўлларида милтиқлари бўлса-да, нишонга тўғри отишни билишмасди. Қўл жангидан эса мутлақо бехабар эдилар. Зўрлари деҳқонча уришишнигина билишарди. Уларнинг қизил аскарга айланиши ҳам ғалати бўлганди. Йиғилишди. Дошқур террор ташкилотига аъзо бўлишди. Шундан сўнг: «Барча тайёргарликларни Туркистонда ўрганасанлар», дейишиб, вагонларга тиқишди-да, жўнатиб юборишди. Мана шунинг учун ҳам анчагина довдир эдилар улар.
Ислом қоровулнинг ёнгинасига тушди ва унинг бўйнидан ушлаб ўзига тортганча, оёқлари орасига тиззалади. Дошқурнинг бирдан нафаси қайтди, ўзи шундоқ ҳам катта бўлган кўзлари олайди. Кейин Исломнинг салгина турткисидан сўнг вагоннинг тагига тушиб кетди…
Ислом ичкарига кирди. Бу пайтда уч дошқур уйғонган ва кафтларини бошларининг тагига қўйишиб, шифтга термилиб ётишарди. Иккитаси эса гаплашарди. Энг аввалги сўроқ: «Бугун ким ўлибди?» — бўлди.
Улар вагонга бир қур назар ташлашди. Назарларида ҳамма тирикдай эди. Бировга ҳам жин урмагандай эди. Ана шундай бир пайтда Ислом кириб келди. Уйғоқлар унга эътибор ҳам беришмади. Чунки сал олдин енгиллашиб олиш учун вагон бурчагидаги ҳожатхонага кириб кетган дошқур чиқди, деб ўйлашди.
Ислом айнан гаплашаётганлар томонга юрди ва уларнинг рўпарасига келганидан кейин тўхтади. Қаради. Суҳбатлашаётганларнинг уни ўчди. Ҳайрон бўлиб Исломга тикилишди. Шунда Ислом икки қўлини қанот шаклида ёйганча бирдан уларнинг орасига ўзини отди. Икки қўлидаям ханжар бор эди… Тиғнинг милт этганини дошқурлар кўриб-кўрмай қолишди. Шу оний лаҳзада улар ҳайрон бўлишга ҳам улгуришди. «Бу эси паст нима қилаяпти ўзи?» дея кўнгилларидан ўтказишди. Қолганига эса уларнинг вақти етмади. Чунки ҳар иккисининг томоғини ўткир бир нарса кесиб ўтган эди. Улар томоқларини маҳкам ушлаганча хириллашди.
Хириллаш овози учинчи уйғоқни хавотирга солди. У ўрнидан туриб ўтирди-ю:
— Нима бўлди?! — деб сўради. Сўнг ўзиниям кўзи олайди. Чунки кўксида нақ юрагини кесиб ўтган ханжар турарди. У шу аҳволда яна чалқанча йиқилди.
Ислом учун жуда оғир эди. Тўғри, пичоғини шунчаки серпаб қўяди. Бунинг муаммо жойи йўқ. Устига-устак, сира чарчамайди. Чунки душмани ухлаб ётибди. Бироқ ҳар серпаганда ўзининг-да бошига гурзи билан ургандай туйилаверарди. Манави уйқусидан уйғонмай, боқий дунёга кетаётганларнинг бирортаси учун ачинмайди. Чунки буларни қотиллар деб билади, босқинчилар деб билади. Агар булар Туркистонга етиб олишса, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг бошига етишларини билади. Шунинг учун ҳам ачинмайди. Бироқ… Жуда оғриқни ҳис этади.
«Аллоҳим, ўзинг менинг елкамга мана шу оғир юкни юклаб қўйдинг. Мени ўзинг кечир. Аллоҳим, ўзинг менга сабр-қаноат бер», дея пичирлади у ишни тугатиб бўлганидан кейин ортига, бир вагон мурдаларга қараб. Сўнг бу вагондан чиқиб кетди. Олдиндаги иккитасига кирмади. Чунки у ердагиларни ҳам тинчитиб улгурганди.
Томдан вагонлар устида югурди. Вагонлардан вагонларга сакраб ўтди. Сўнг қамоқ-вагоннинг устига чиқди. Ундан ҳам ўтди. Тамбурга тушди. Сап-сариқ сочли аскар ўтирган жойида қунишганча ухлаётган эди. Секин уни туртди. Аскар чўчиб кўзини очди.
— Қўрқма, — дея шивирлади Ислом.
— Сен кимсан? Сен… Сен қандай чиқдинг? — деди аскар кўзларини катта-катта очиб.
— Сен сўрама. Хуллас, гап бундай. Ўлмай қолишни истайсанми? — деб унга тикилди Ислом.
— Ҳа, — деди аскар бошини қимирлатиб.
— Унда шовқин солма. Мен сенинг қўлларингни боғлаб қўяман. Қуролингни ташлаб юбораман, нима дединг?
— Мени трибуналга тортишади.
— Тортишмайди. Биламан.
Аскар қуролини олиб Исломга ҳамла қилмоқчи бўлди. Аммо Ислом унинг жағига мушт туширди. Аскарнинг бурни қонади.
— Мен сенга нима деяпман?
— Мен эндигина ўн саккизга кирдим.
— Биламан. Шунинг учун сени ўлдирмадим. Сендан орқадаги вагонларда ўзинг қамаб ўтирган учта асирдан бошқа тирик одам қолмади. Мен эса ёнингдаман. Шундай экан, мен сенинг қўлларингни боғлаб қўяман. Эҳтиёт шарт. Келишдикми?
— Ҳимм, — деб бошини қимирлатди аскар.
— Балли! Ақлли бола экансан. Қани, камарингни еч!
Аскар унга шимининг камарини ечиб берди. Ислом ўлдиришга кўнгли бўлмаган аскарнинг қўлларини орқасига қилиб камар билан чандиб боғлаб ташлади. Сўнг:
— Овозингни чиқармасдан жим ўтир, — дея тайинлаб, кулиб қўйди.
Кейинги вагон ошхона. Ҳозир у ерда иш авжида. Пишир-куйдир бўлаяпти. Ислом эса кеча ҳеч нима емаган ҳисоб. Шу боис ичкарига кириб, қадамини тезлаштирди. Ошпазлар уни танимайди. Чунки Ислом кам келди. Келганида ҳам ўзини яширган, бошини эгиб олган. Бунинг устига, ошпазлар Исломнинг қамалганини билишмайди. Яна у учта вагонни тинчитганидан ҳам бехабар.
— Бир бурда нон беринглар, — деди Ислом қирра бурун, катта қорин, сариқ жингалак соч ошпазга.
— Ўлиб қолаяпсанми? — деди унга ошпаз.
— Ўлиш ҳам гапми? Тамом бўлдим. Кеча оч қолганман…
Ошпаз уни ортиқча сўроқ-саволга тутиб ўтирмади. Бир бурда нон берди. Ислом шоша-пиша уни оғзига тиқди ва йўлида давом этди. Энди қўмондонлик вагони…
Арсен тахминан соат иккиларгача ухламади. Ҳар бир вагонга кириб чиқди, навбатчилар билан гаплашди. Қоровулларга ўта сергак бўлиш кераклигини тайинлади. «Агар бугунги тундан омон-эсон ўтиб олсак, ютуқ бизники. Жиноятчи кимлигини мен аниқ биламан. Эртага эрталаб унинг пешонасидан отиб ташлайман. Шу билан хотиржам Туркистонга етиб оламиз. У ёқда бу ерда йўқотганларимизнинг ўрнини тўлдирамиз. Сартларни итдай қирамиз», деди. Шунингдек, Туркистонда улкан бойлик эгасини кутиб ётганини ҳам шама қилди. Ва яна қўшимчасига, Қўқондан қанча олтин ундирганликларини мароқ билан сўзлаб берди. Ҳозир юртида хотини укаси билан бирга олтин қаср қураётганлигини гапларига улаб юборди. «Эсиз, ўшанда ёлғизлик қилиб қолдим, акс ҳолда, дунёнинг олтинига эга чиққан бўлардим. Қўқон хони мен учун зеб-зийнатларни йиққан экан. У ердаги қиз-жувонларни айтмайсанми? Ҳушингни олади. Улар бирам жононаки, унақасини ҳатто тушингда ҳам кўрмагансан», деди.
Шу билан қоровулликда турган аскарларни руҳлантирди… Кейинги борганида, қоровулликка янги келганларга яна ўша гапларини такроран айтиб берди. Ҳатто бу гаплардан ўзиям руҳланди. Шундай бўлишини чин дилдан истади. Қани эди, қаноти бўлса-ю, бирпасда Қўқонга учиб борса… У бир марта борган, қучоқ-қучоқ олтинларга эга бўлмаса-да, анча-мунча мол-давлат йиққан. Кейин қанчадан-қанча қишлоқларни вайрон этишда, уйларни ёқишда фаол бўлган. Бир-иккита қиз-жувонни ҳам зўрлаган. Дуч келган одамни ўлдирган. Сўроқ-саволга тутмаган. Ўлдираверган, ўлдираверган. Кейин ўзи ҳам жароҳатланган. Ёшгина бола унинг кўксига паншаха тиқиб олган. Ҳа-а, у ҳозиргидай эслайди. Ҳатто ўшандаги оғриқ эсидан чиққани йўқ. Кўзлари қинидан чиқиб кетай деганди. Дунё зимистон бўлиб кўринган эди. Аммо ўша болакайни яхшилаб эслаб қолган. Думалоқ юзли, оппоқ, сочлари қоп-қора, тахминан ўн уч-ўн тўрт ёшларда эди. Арсен унинг онасини ўлдирганди. Қиличи билан чопганди. Кейин шундай ортига бурилган эди ҳамки, кўксига бола паншаха тиқди… Ҳушидан кетиб йиқилибди. Ўлдим, деганди. Йўқ, ўлмабди. Кўзини очса, касалхонада ётибди. Ярамаснинг биринчи хаёлига келгани ўлжа бўлди. Ўша ўлжани сўради дўхтирдан. Дўхтирнинг жаҳли чиқди. «Ўлмай қолганингга шукур қилсанг-чи. Агар яна озгина кеч қолганингда, ўша қишлоққа кўмиб ташлашган бўлишарди. Мен қиладиган ишимни қилиб бўлдим. Қолганига Москвада даволанасан. Бу ерда имкони йўқ», деди.
Арсен жанжал кўтарди. «Кетмайман, ўлжаларимни топаман, Кейин ўша болани ўлдираман», деди. Дўхтир ижирғанди. «Очофат! Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деб шунга айтишади. Сен мараз умр бўйи бир бурда нонга зор бўлгансан. Сенинг нафсинг ўлганда қолади», деди.
Арсен қанчалик қаршилик қилмасин, барибир, Москвага даволанишга жўнатиб юборишди. Москвада эса уни яроқсизга чиқариб қўйишларига сал қолди. Чиқаришгандиям. Аммо у пора бериб, яна Туркистонга боришга рухсатнома олди. Мана, кетаяпти. Фақат бу кетиши дилхираликлар билан лиммо-лим. Бир кун йўқки, хотиржам тонг оттирган бўлса. Ҳа, унинг тажрибаси сабаб, дошқурларнинг жуда кўплиги сабаб Иван Николаевичга ўринбосар қилиб қўйишганди.
Чарчади. Ҳар сафар вагонларни айланишга чиққанида, юз-икки юз грамм отиб оларди. Бора-бора, ўша бардамлик учун отилган «юзлар» тинкасини қуритиб қўйди. Охирги «юз» эса бутунлай бўшаштирди. Ўшанда соат миллари тунги иккидан ошганди. У қўмондонлик хонасига кириб, оппоқ чойшабда маза қилиб ухлаётган Иван Николаевичга ҳасад билан қаради. Кейин: «Ҳали етиб борайлик, сенинг ҳамма қилиқларингни сотаман. Ана ундан сўнг мана бундай маишатларинг учун отилишдан олдин қамоқхонанинг зах ерида ётганингни кўраман», деди ва ўзининг ётоғига ўтирди-да, кўзларини юмди. Ётишга эса қўрқди. Ухлаб қоламан, деди. Аммо барибир уйқу зўр келди. У қандай қилиб бошини ёстиққа қўйганини ва тошдай қотиб ухлаб қолганини билмай қолди.
Туш кўрди. Тушида, от чоптириб кетаётган эмиш. Атрофида қизил дошқурлар. Ҳаммаси қиличларини яланғочлашган. Яна худди от чоптирар мусобақасини ўтказишаётгандай, ким маррага биринчи бўлиб етиб борса, катта ютуққа эга чиқадигандай узлуксиз бечора отларга қамчи босишарди… Кейин кутилмаган воқеа содир бўлди. Бирдан негадир атрофидаги дошқурлар қулай бошладилар. Бирининг кўксига, бошқасининг томоғига камон ўқи санчилар ва дошқурлар овоз чиқаришга улгурмасдан отларидан қулаб тушишарди. Аста-секин отлар ҳам қумга айлана бошладилар. Ҳа, югуриб кетаётган от югуриш жараёнида қумга айланарди-ю, ерга тўкиларди. Арсен қўрқди ҳамда шу заҳоти отининг жиловини тортди. Аммо бу от ўлгур, у қанча жиловни тортмасин, баттар илдамлар эди. Мутлақо унга бўйсунмасди. Яна Арсен ўзини қандайдир хатар кутаётганини аниқ биларди. Билмагани эса камон ўқининг қаердан учиб келаётгани эди… Кўрди тахминан эллик қадамча нарида камон ўқи тўғри ўзи томонга учиб келаётганини. У бирдан бақириб юборди:
— А-а-а-а!!!
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)
Эслатма: Ушбу асар қисмларга бўлинган ҳолда сайтда тўлиқ эълон қилинади.