Telegram’да фактларни текшириш функцияси ишга тушди

Telegram мессенжерида маълумотларнинг ишончлилигини текшириш имконини берувчи янги функция пайдо бўлди. Бу ҳақда “Код Дурова” Telegram канали хабар берди.
Ҳозирча Telegram расмий баёнот бермаган. Аммо We TON каналида мессенжер Россияни тарк этаётгани ҳақида пост эълон қилингач, унинг остида “Fact Check” белгиси пайдо бўлган.
Ажратилган махсус блокда Telegram асосчиси Павел Дуров бундай баёнот бермагани таъкидланган. “Бу нима?” тугмасини босганда, изоҳ айнан Telegram томонидан тақдим этилгани ҳақида билдиришнома чиқади.
Янги функция Android учун бета-версияда синовдан ўтказилган. Текширувлар махсус агентликлар орқали амалга оширилади, оддий фойдаланувчилар натижаларга таъсир кўрсата олмайди.